Одатда дин арбоблари одамларни, жумладан, давлат хизматчилари ва “погон” таққан амалдорларни ҳалолликка, адолатга ва виждонли бўлишга чақиради.

Ўзбекистонда эса маънавий тарбия занжири тескари уланганга ўхшайди: пайшанба куни ички ишлар ходимлари имомларга “муҳим йўл-йўриқ ва тавсиялар” беради, жума куни эса имомлар шу маънавиятни минбардан аҳолига етказади.

Хуллас, пайшанбада – погондан сабоқ, жумада – минбардан ҳисобот.

ПАЙШАНБАЛИК «МАЪНАВИЯТ СОАТИ»
 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилояти вакиллиги 2026 йил 2 июль куни Instagram ва Telegram саҳифаларида навбатдаги “пайшанба кунги маънавият соати” ўтказилгани ҳақида хабар берди.


Расмий маълумотга кўра, тадбир ЎМИнинг Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида, вилоят вакиллигининг катта мажлислар залида ташкил этилган. Унда ҳудуддаги имом-хатиблар ва Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари иштирок этган.


ИИБ вакиллари имом-хатибларга қуйидаги мавзуларда маъруза ўқиган:


– кибержиноятчилик ва интернет фирибгарликларининг олдини олиш;
– аҳолини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан ҳимоя қилиш;
– “ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш”;
– аҳолини “ноанъанавий ибодат ва одатлардан огоҳлантириш”.


Йиғилиш якунида имом-хатибларга иш самарадорлигини “янада жадаллаштириш”, ёшларни турли зарарли иллатлардан асраш ва аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини мунтазам олиб бориш бўйича “муҳим йўл-йўриқ ва тавсиялар” берилган.
Расмий хабарда айнан шу ибора ишлатилган: “муҳим йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди”.
Албатта, интернет фирибгарлиги, гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши тушунтириш ишларини олиб боришнинг ўзида ёмон нарса йўқ.


Аммо савол бошқа жойда: нима учун диний минбарларда кўтариладиган мавзулар бўйича имомларга айнан ички ишлар ходимлари “йўл-йўриқ” бермоқда?


Имом-хатиб диний масалаларда мустақил уламоми ёки давлат идораларининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича штатсиз тарғиботчисими?


Пайшанба куни мажлислар залида берилган тавсиялар эртаси куни жума минбарида маърузага айланадими?
Масжид имоми жамоат олдида ўз диний билими ва виждонидан келиб чиқиб гапирадими ёки бир кун олдин олинган “техник топшириқ” асосидами?


Бу саволларга расмий хабарда жавоб йўқ. Аммо “йўл-йўриқ бериш” иборасининг ўзиёқ муносабатлар қайси томонга қурилганини кўрсатиб турибди.


Бу ерда имом ИИБ ходимига насиҳат қилаётгани йўқ. Аксинча, ИИБ ходими имомга нимани тарғиб қилиш зарурлигини тушунтирмоқда.


ПОГОН МИНБАРГА ЯҚИНЛАШГАНДА

Ҳокимият кўп йиллардан бери Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилганини, имомлар эса ҳеч кимнинг буйруғи билан ишламаслигини таъкидлаб келади.


Бироқ амалиётда ғалати манзара пайдо бўлмоқда: давлат диндан ажратилган, лекин ички ишлар ходимлари имомлар билан пайшанба кунги “маънавият соати”ни ўтказиб, уларга “муҳим йўл-йўриқ” бериб туради.
Расмий жиҳатдан бу – ҳамкорлик.


Оддий тилда эса бу манзарани шундай ифодалаш мумкин: пайшанба куни имомга йўналиш берилади, жума куни эса йўналиш жамоатга етказилади.

Натижада масжид минбари диний-маърифий майдондан давлат идораларининг қўшимча ахборот минбарига айланиб қолиш хавфи туғилади.

Бугун мавзу – кибержиноятчилик.
Эртага – “ноанъанавий одатлар”.
Индинга эса қайси мавзу бўлиши пайшанба кунги йиғилишда маълум қилинар, эҳтимол.

“МУЛЛАЛАР ПОГОНЛИЛАР ЙЎРИҒИДА ЭМАС”, ДЕЙИШ ОСОН

Айрим диний нотиқлар ва расмий доираларга яқин шахслар Ўзбекистон имомлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг йўриғида ишлайди, деган фикрларни кескин рад этади.


Аммо Хоразм вилояти вакиллигининг 2 июлдаги хабари бу раддияларни анча ноқулай аҳволга солиб қўяди.
Чунки гап яширин йиғилиш ёки номаълум манба иддаоси ҳақида эмас. Мусулмонлар идорасининг ўзи ИИБ ходимлари имом-хатибларга “муҳим йўл-йўриқ ва тавсиялар” берганини очиқ эълон қилмоқда.


Шундай экан, агар бу йўриқ бўлмаса, унда йўриқ дегани нима?

Ўзбекистонда дин арбоблари “погон”лиларни адолатга ва ҳалолликка чақириши мумкин бўлган кунлар ҳали олдиндадир.
Ҳозирча эса тақвим қуйидагича кўринади:

Пайшанба – имомларга йўл-йўриқ бериш куни.
Жума – берилган йўл-йўриқни халққа тушунтириш куни.