ХОВОСДА ХОНАДОНГА КИРИШ БИЛАН БОҒЛИҚ МУРОЖААТ ЎРГАНИЛДИ: 4 НАФАР ИИО ХОДИМИ ЖАЗОЛАНДИ
Ховос туманида ички ишлар ходимлари фуқаронинг розилигисиз хонадонга кириб, унинг турмуш ўртоғини олиб кетишга урингани бўйича Омбудсманга шикоят қилинди. Текширув натижасида 4 нафар ИИО ходимига «ҳайфсан» ва «танбеҳ» интизомий жазоси қўлланди.
Ховос туманидаги хонадонлардан бирига профилактика инспектори бошчилигида ички ишлар органлари ходимлари кириб келиб, фуқаронинг турмуш ўртоғини олиб кетишга уринган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га мурожаат қилинган, дея хабар беради Омбудсман Ахборот хизмати маълум қилди.
Мурожаатчининг ёзишича, ходимлар бунинг сабабини тушунтирмаган ва тегишли ҳужжатларни кўрсатмаган.
Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, унда келтирилган важлар Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакил томонидан ўрганилган. Ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасига назорат хати юборилган.
Натижада Ховос тумани ИИБнинг айрим ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
Текширув якунига кўра, хизмат фаолиятида аниқланган камчиликлар учун 4 нафар ходимга «ҳайфсан» ва «танбеҳ» интизомий жазоси қўлланилган.
Яна бир нафар ходимнинг хатти-ҳаракатларига якуний баҳо бериш масаласи эса Интизомий кенгашга ҳавола этилган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг