ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ ХОДИМЛАРИ ШТАТ ҚИСҚАРТИРИШДАН НОРОЗИ
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси туман-шаҳар бўлимларидаги баъзи ходимлар ойлар давомида штат бирликлари тикланишини кутгани, аммо амалда ярим ставка ва янги қисқартириш буйруқларидан норози экани ҳақида мурожаат билан чиқишди.
Элтузар таҳририятига Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимида ишлаётган ходимлардан мурожаат келиб тушди. Унда туман ва шаҳарлардаги айрим ходимлар ойлардан бери штат бирликлари тикланишини кутаётгани, аммо амалда яна қисқартириш билан боғлиқ буйруқ чиққанидан норози экани айтилган.
Мурожаат муаллифларига кўра, туман ва шаҳарларда “бош мутахассис” деган лавозим номи бор, аммо айрим жойларда штат бирлиги ярим ставка қилиб белгиланган. Ходимлар эса иш ҳажми лавозим номига мос, яъни тўлиқ юкламада қолганини таъкидламоқда.
“2025 йил ноябрдан бери кутяпмиз. Сабр қилинглар, штатларинг қайтади, деган гаплардан чарчадик. Бизнинг ҳам оиламиз, кредитларимиз бор. Кун давомида берилаётган топшириқларни бажаришга улгуриб бўлмайди, лекин штатимиз ярим ставка”, дейилади мурожаатда.
Таҳририятга тақдим этилган ҳужжатларда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 2026 йил 11 июндаги 100-сонли буйруғи акс этган. Унда қўмита тузилмасини қайта тасдиқлаш, марказий аппарат ва ҳудудий бошқармалар тузилмаларини янгилаш, шунингдек, туман ва шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари тузилмасини тасдиқлаш назарда тутилган.
Ҳужжатда туман ва шаҳар бўлимлари таркибида туман ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича бош мутахассис ҳамда оилавий, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича етакчи мутахассис лавозимлари кўрсатилган. Айрим туман ва шаҳарларда бош мутахассис штат бирлиги 0,5–1 ставка оралиғида белгилангани кўринади.
Мурожаат эгалари бу ҳолат ходимлар ўртасида адолатсизлик ҳиссини кучайтираётганини айтмоқда. Уларнинг фикрича, Президент даражасида хотин-қизлар тизимини кучайтириш ҳақида топшириқлар берилаётган бир пайтда, қуйи бўғинда штатларни қисқартириш тизим самарадорлигига салбий таъсир қилиши мумкин.
“Қўмита ўз ходимларини ҳимоя қила олмаса, ёпиб қўяверишсин”, дейди мурожаат муаллифи.
Ҳужжатларда штат бирликлари ва лавозимлари ўзгараётган ходимларни қонунчиликка мувофиқ ёзма равишда огоҳлантириш, шунингдек, улар ҳақида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига маълумот тақдим этиш вазифаси ҳам белгиланган.
Элтузар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда масъул идоралардан ушбу ҳолат юзасидан изоҳ сўрайди: ярим ставкада ишлаётган ходимларнинг штат бирликлари тикланадими, уларнинг иш ҳажми ва маоши ўртасидаги номутаносиблик қандай ҳал этилади?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг