Урганч-Хива йўналишида умумий узунлиги 32 километр бўлган янги пуллик автомобиль йўли қурилиши давом этмоқда. Лойиҳа замонавий, юқори тезликда ҳаракатланиш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

Бу яхши албатта. Бироқ йўл қурилиши жараёнида айрим аҳоли пунктларини Урганч шаҳри билан боғлаб турган мавжуд йўллар ёпилиб, аҳоли учун жиддий муаммолар юзага келди.

Жумладан, Урганч тумани Пахтакор қишлоғи ҳамда Хонқа тумани Навҳас қишлоғи аҳолисини Урганч шаҳри билан боғлаб турган асосий йўл ёпилган. Аҳоли қатновга қийналяпти.

Одамлар йўлсозлик ва ҳокимлик масъулларига бир неча бор мурожаат қилишди. Аммо «5-10 кунда ҳал қиламиз» деган ваъдалар билан чекланиб вақт ўтказишяпти. Муаммога эътибор қаратиш мақсадида аҳоли йиғилиб йўлга чиқишди, аммо Миллий гвардия ходимлари уларни тарқатиб юборишди.

Аҳоли янги йўл қурилишига қарши эмас. Фақат қишлоқларни шаҳар билан боғлайдиган бепул йўлларни очиб қўйиш талаб қилиняпти. Масъул ташкилотлардан ушбу ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш, муқобил йўлни зудлик билан очиш талаб этилади. Одамларни юмушларидан,  тирикчилигидан тўсиб қўйманг.