«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ таркибидаги Хондиза кон бошқармасининг Бойитиш фабрикасида ҳар ой таркибида қимматбаҳо металл бўлган материалдан олтин ажратиб олиниб, корхона ҳудудидан яширинча олиб чиқилаётгани ҳақида Элтузарга жиддий даъволар келиб тушди.

Шахсини ошкор қилмасликни сўраган манбанинг билдиришича, гап бир марталик ҳолат эмас, балки режали профилактик таъмир – ППР пайтида мунтазам такрорланадиган схема ҳақида кетмоқда.

«Ҳар ой Бойитиш фабрикаси ППР вақтида 3–4 кун тўхтайди. Икки сменада ишлайдиган насосчи, тегирмончи ва бошқалар тегирмон тўхтаганда ичини тозалаб, таркибида қимматбаҳо металл бўлган қумларни элаб ажратади. Кейин махсус асбоб-ускуналар билан олтинни ажратиб олишади», – дейди манба.

Унинг даъвосига кўра, шу тариқа ҳар ой тахминан 500–600 граммгача олтин фабрикадан ташқарига чиқарилиши мумкин.

Элтузар манба тақдим этган маълумотларни жамоатчилик манфаатидан келиб чиқиб эълон қилмоқда ва улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширилиши зарур, деб ҳисоблайди.

Манбанинг айтишича, ажратиб олинган қимматбаҳо металл кейинчалик Денов ва Самарқанддаги айрим заргар усталар ҳамда тиш протезлаш билан шуғулланувчи шахсларга сотилади.

Манба Элтузар билан суҳбат давомида бир грамм тилла «қора бозорда тахминан 1 миллион сўмга сотилади », деб таъкидлади.

Агар у айтган 500–600 грамм миқдор ва бир грамм учун тахминан 1 миллион сўм деган ҳисоб шартли равишда олинса, бир ойнинг ўзида 500–600 миллион сўмлик қимматбаҳо металл ўғирланаётгани ойдинлашади.

Манба ушбу ишларга бир гуруҳ ходимлар жалб этилганини ва тушган пул улар ўртасида тақсимланишини ҳам даъво қилган. Бироқ Элтузарда ҳозирча бу шахсларнинг кимлиги, операциялар санаси, олиб чиқилган олтиннинг лаборатория таҳлили ёки сотувни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас.

ОКМКнинг расмий маълумотларига кўра, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган Хондиза кон бошқармаси комбинат таркибига киради. Хондиза бойитиш фабрикасида полиметалл руда майдалаш ва флотация босқичларидан ўтказилиб, мис, рух ва қўрғошин концентратлари ишлаб чиқарилади. Корхона расмий маълумотида фабриканинг соатлик қуввати 82,07 тонна экани қайд этилган.

ОКМКнинг ўзи 2026 йил 17 августда эълон қилган ахборотида комбинатда шаффофлик ва коррупцияга қарши назорат механизмлари кучайтирилаётгани, молиявий назорат ва бошқа жараёнлар рақамлаштирилаётганини билдирган.

Элтузарга мурожаат қилган ходим эса фабрика ичидаги эҳтимолий қонунбузарликлар ҳақида очиқ гапиришдан қўрқишини айтмоқда. Унинг иддаосига кўра, камчиликларни кўтарган ходимларга босим ўтказилиши, бошқа ишга ўтказилиши ёки ариза ёздириб ишдан бўшатилиши мумкин.

«Қонун бузиляпти, лекин бу ҳақда очиқ гапирсак, ўзимизни айбдор қилиб, камчилик қидириб ишдан кеткизяпти, бошқа жойга ўтказяпти ёки ариза ёздириб олиб ишдан ҳайдаяпти», – дейди манба.

Бу даъво ҳам мустақил равишда тасдиқланган эмас. Бироқ айнан ходимнинг ўз шахсини сир сақлашни сўраши мазкур маълумотларни манба хавфсизлигини таъминлаган ҳолда текшириш заруратини янада оширади.

Шу билан бирга, агар ҳар ой юзлаб грамм қимматбаҳо металл саноат объектидан ноқонуний равишда олиб чиқилаётгани ҳақидаги даъво рост бўлса, бундай ҳаракатлар бир нечта назорат босқичларидан қандай ўтаётгани жиддий савол туғдиради.

Элтузар ОКМК раҳбарияти, Хондиза кон бошқармаси, Бойитиш фабрикаси масъуллари ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қуйидаги ҳолатларни текширади деб умид қилади.

ППР кунларида тегирмонлардан чиқариладиган материал қандай ҳисобга олинади; ундаги қимматбаҳо металлар бўйича назорат мавжудми; 500–600 грамм олтин олиб чиқилиши ҳақидаги даъволар ўрганилганми; фабрика ҳудудидан ходимлар томонидан қимматбаҳо металл олиб чиқиш ҳолатлари қайд этилганми; ҳамда қонунбузарлик ҳақида хабар берган ходимларни таъқиб қилиш ёки ишдан бўшатиш ҳолатлари бўлганми?

Элтузар ушбу масала бўйича ОКМК ва тегишли давлат идораларининг расмий муносабатини тўлиқ эълон қилишга тайёр.