Ҳоким ёрдамчилари институти Ўзбекистондаги энг катта ижтимоий-иқтисодий лойиҳалардан бири сифатида тақдим этилган эди. Асос сифатида Хитойнинг камбағалликни қисқартиришдаги муваффақиятли тажрибаси олинган. Агар бу феномен аслига монанд ишлаганида, эҳтимол, минглаб оилалар турмушини яхшилашга хизмат қиларди.

Аммо жойларда вазият мутлақо бошқача. Бугун кўплаб ҳоким ёрдамчилари аҳолига ёрдам бериш эмас, юқоридаги раҳбарларнинг “сводка”сини тўлдириш учун хизмат қилади. Ҳақиқий натижадан кўра қоғоздаги яшил ранг муҳим.

Шунинг учун ҳоким ёрдамчисига ҳар куни ўнлаб топшириқлар юкланади. Қонунийми, мантиқан тўғрими, уни бажаришнинг имкони борми, бу ҳақда ҳокимлар ўйлаб ўтирмайди. Кунлик юкланадиган ҳар бир вазифага атиги ўн беш дақиқадан вақт ажратилса ҳам, бир кунлик ишни тугатиш учун 48 соат вақт керак.

Аммо шу шароитда ҳам ҳоким ёрдамчиларига миннатли писанда тайёр: “Ўзи булар нима иш қилади?”

Бу саволни бераётганлар тизимни ичдан вайрон қилаётган ҳокимлар ўрнига уларнинг қурбонига айланганларни айбдор қилиб кўрсатиш осонроқ эканини яхши билишади.

KPI деб аталадиган самарадорлик кўрсаткичлари ҳам ҳоким ёрдамчисининг чўнтагига юк бўлмоқда. Қоғозда ҳаммаси чиройли. Амалда эса баъзан ҳоким ёрдамчисидан камбағал оилага ўнлаб миллион сўмлик савдо қилдириш, кейин эса уни маълум платформаларга аъзо қилиш талаб қилинади.

Масалан, “Онлайн бозор” атрофида юрган саволлар жавобсиз қолмоқда. Нега аҳоли пул тўлаши керак? Нега айнан шу платформа? Бу ҳақиқатан тадбиркорликни ривожлантиришми ёки кимнингдир хусусий манфаатини таъминлашми?

Энг хавфлиси, шундоқ ҳам босим остида ишлаётган ҳоким ёрдамчилари баъзан назорат органларининг нишонларига айланяпти. Тизимдаги муаммони бартараф этиш ўрнига, айрим ҳолатларда одамни хатога етаклаш, кейин эса уни жиноятчи сифатида кўрсатиш амалиёти авж олган.

Бугун саҳнада ҳоким ёрдамчилари югуриб юрибди. Улар халқнинг ғазаби, раҳбарнинг танбеҳи ва органларнинг босими орасида қолган. Аммо бу спектаклни ёзганлар, сценарийни тасдиқлаганлар ва ҳар куни янги роллар бериб турганлар бошқа одамлар. Улар юқори кабинетларда ўтирибди. Ёрдамчидан хизмат пиллапояларида кўтарилиш учун очиқча фойдаланаётган ҳокимларни ким интизомга солиб, назоратга олади?