Ҳиндистон Бангладешдан ноқонуний кириб келувчиларни тўхтатиш учун чегара назоратини кучайтирмоқда. Бироқ бу сиёсатнинг оғирлигини ўз фуқаролари ҳам ҳис қиляпти. The Economist нашри Ғарбий Бенгалиядаги чегара қишлоқларида яшаётган одамларнинг кундалик ҳаёти тобора кўпроқ чекловларга дуч келаётганини ёзмоқда.

Ҳакимпур атрофидаги кенглиги қарийб бир километрлик буфер ҳудудда еттита қишлоқ бор. Уларда 25 минг киши яшайди. Ҳудуд Ҳиндистонга қарашли бўлса-да, аҳолининг эркин ҳаракатланиши текширувлар билан чекланган. Назорат пунктлари одамларнинг қатновини ва савдо ишларини секинлаштирмоқда. Маҳаллий аҳоли текширувлар ҳамда тақиқлар кўпайиб бораётганидан шикоят қилган.

Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шоҳ Бангладешдан ҳужжатсиз келганларни мамлакат хавфсизлиги, иқтисодиёти ва демографик мувозанатига таҳдид сифатида кўрсатмоқда. Ҳукумат уларни мамлакатдан чиқаришни ваъда қилган. Аммо чегарадаги қатъий тартиб шу ерда яшаб келаётган Ҳиндистон фуқароларининг турмушини ҳам қийинлаштиряпти.

Бу вазият давлат хавфсизлиги билан фуқаро эркинлиги ўртасидаги мувозанат масаласини кўтармоқда. Чегарани қўриқлаш зарурати тушунарли. Лекин инсон ўз юртида кундалик юмушларини бажариш учун доимий текширув ва тўсиқлардан ўтишга мажбур бўлса, хавфсизлик сиёсатининг ижтимоий баҳоси ҳақида ҳам гапириш керак.

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ўз фуқароларини ҳимоя қилишдан ажралиб қолмаслиги лозим. Акс ҳолда, ташқаридан келадиган хавфни тўхтатиш учун қурилган тўсиқ ичкаридаги одамларнинг эркин ҳаётига ғов бўлади.