МАОШИ КАМ ТИББИЙ ХОДИМЛАРНИНГ АСАБИ ТАРАНГ ҲОЛДА
Навоий вилояти Хатирчи туманидаги поликлиникада ҳамшира томонидан фуқаролар навбатсиз қабулга киритилгани ва бемор ҳақоратлангани айтиламоқда. Мурожаатда бу ҳолатлар тизимда маош пастлиги ва адолатсизликдан далолат экани таъкидланади.
Ўзбекистонда меҳнат ва маош тақсимоти энг номутаносиб бўлган соҳа – тиббиёт. Ўн йиллаб мединститутда ўқиган дўхтирлар давлат поликлиникасига йўналтирилади. Иш кўп, касал сон-саноқсиз, қоғозбозлик авжида, маош эса сариқ чақа.
Бошқа томонлама қарасак, фуқаролар ҚҚС, даромад солиқлари тўлайди, мулк солиғи, ер солиғи, йўл солиғи – бунинг бари давлат ғазнасига тушади. Шунча тўлов майда-чуйда кўрингани билан, ҳамёнимизни билдирмайгина «ўпириб» кетади. Шундай бўлгач, фуқаро ҳам қонуний ҳаққи бўлган текин тиббиётни талаб қилишга ҳақли.
Можаро айни шу нуқтада юзага келяпти. Шифокор меҳнатига яраша ҳақ ололмайди, фуқаро солиғига яраша хизмат кўрмайди.
Навоий вилояти, Хатирчи тумани, Икром Карвон маҳалласи, Суффи қишлоғи, 4-уйда яшовчи Тожиев Мавлон Тоҳирович тиббий ходимлар қўполлиги ҳақида Элтузар орқали мутасаддиларга мурожаат қилмоқда.
Унинг айтишича, жорий йилнинг 10 июн куни соат 07:00 ларда турмуш ўртоғи Туйчиева Феруза Эркиновна Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмаси поликлиникасининг стоматология бўлимига тишини кўрсатиш учун мурожаат қилди. Навбатда 6-7 нафар фуқаро турган бўлиб, унинг ҳам навбати келган вақтда мазкур муассасанинг ҳамшираси Ҳоликова Камола ўзининг таниш бўлган икки нафар фуқарони навбатсиз шифокор қабулхонасига киритган.
Бундан норози бўлган Туйчиева Феруза Эркиновна навбат тартибига риоя қилиниши лозимлигини билдирганида, ҳамшира кўпчилик олдида ҳақоратли сўзлар айгани, жанжал келиб чиққани ва ҳатто уни уришга ҳаракат қилинганини таъкидламоқда.
Бемор ушбу ҳолатни тасвирга олмоқчи бўлганида, ҳамшира юзини беркитиб, суратга тушишдан бош тортган.
Мурожаат муаллифининг қайд этишича, бундай ҳолатлар Хатирчи туманида тез-тез учраб турибди ва бу аҳоли ўртасида норозиликка сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда бошқа масъул ташкилотлардан мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиш, қонуний баҳо бериш ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чора кўриш сўралмоқда.
Муаммо бир ҳамширада, фақат Хатирчида эмас. Бу тизимнинг адолатсизлиги махсули эканини эса биз эслатиб ўтайлик.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг