“ЧИҚИНДИ МАШИНАСИ ЭНДИ КЕЛЯПТИ, ҚАРЗ ЭСА 670 МИНГ СЎМ”
Хатирчи туманида яшовчи фуқаро чиқинди хизмати амалда деярли кўрсатилмаганига қарамай, унга 670 минг сўм қарз ҳисобланганини айтади. Чиқинди машиналари кам келаётгани, контейнерлар йўқлиги ва санитария аҳволи ёмонлашгани идоралар эътиборига ҳавола этилмоқда.
Навоий вилояти Хатирчи тумани “Икром Карвон” маҳалласи, Суффи қишлоғида яшовчи фуқаро Тожиев Мавлон Тоҳирович чиқинди хизмати билан боғлиқ муаммолардан норози эканини билдирди.
Унинг айтишича, яшаб турган ҳудудда 2026 йилга қадар чиқинди ташувчи махсус техника умуман келмаган. Фақат 2026 йил март ойидан бошлаб чиқинди олиб кетиш хизмати йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирда ҳам машина ҳафтасига бир марта келиши айтилмоқда.
Фуқаронинг таъкидлашича, кўчага чиқарилган чиқиндилар махсус контейнерлар йўқлиги сабабли қаровсиз итлар томонидан титиб ташланмоқда ва атроф муҳит ифлос ҳолатга келиб қолмоқда.
Шу билан бирга, мурожаат муаллифи “Хатирчи тумани чиқиндини олиб кетиш” МЧЖ томонидан унга 670 минг сўм қарздорлик ёзилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мазкур қарз учун электр таъминоти тизимига уланган ҳисоблагичи ҳам чекланган ҳолатга туширилган ва тўлов қилса ҳам электр қайта ёнилмаётгани айтилмоқда.
Фуқаро хизмат амалда фақат 2026 йил март ойидан бошланган бўлса, қандай қилиб бунча миқдорда қарз ҳисобланганига тушунмаётганини билдирмоқда. Шунингдек, у ташкилот раҳбариятини аҳолидан ноқонуний маблағ ундиришга уринаётганликда айблаб, айрим фуқаролар турли босимлар орқали тўлов қилишга мажбурланаётганини ҳам таъкидлади.
Мурожаат муаллифи чиқинди хизмати тўлиқ ва тартибли йўлга қўйилмагани, кўчаларга махсус чиқинди қутиси ўрнатилмагани ҳамда санитария ҳолати ёмонлашиб бораётганидан хавотир билдирди.
Тожиев Мавлон Тоҳирович мутасадди ташкилотлар ва масъул идоралардан ушбу ҳолатни қонуний асосда ўрганиб чиқишни, аҳоли манфаатлари ҳимоя қилинишини ҳамда масалага адолатли ечим топилишини сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг