ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЁЗУВЧИ ҲАМИД ИСМОИЛОВ 2026 ЙИЛГИ НОБЕЛЬ МУКОФОТИНИНГ ЭҲТИМОЛИЙ НОМЗОДЛАРИ РЎЙХАТИГА КИРИТИЛДИ
Ўзбекистонлик таниқли ёзувчи Ҳамид Исмоилов 2026 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофотининг эҳтимолий номзодлари рўйхатида тилга олинди. У жаҳон адабиётининг Мураками, Этвуд, Рушди каби юлдузлари қаторидан жой олган.
Ўзбекистонлик таниқли ёзувчи, шоир ва журналист Ҳамид Исмоилов 2026 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофотининг эҳтимолий номзодлари қаторида тилга олинди.
Ушбу рўйхатда Ҳамид Исмоиловдан ташқари Ҳаруки Мураками, Маргарет Этвуд, Салмон Рушди, Дэвид Гроссман, Жоан Роулинг ва Стивен Кинг каби жаҳон адабиётининг машҳур вакиллари ҳам бор.
Бироқ Нобель мукофотининг муҳим қоидаларидан бирига кўра, адабиёт бўйича номзодлар ва уларни кўрсатган шахслар ҳақидаги маълумотлар 50 йил давомида махфий сақланади. Шу сабабли Ҳамид Исмоиловнинг 2026 йилги мукофот учун расман номзод сифатида кўрсатилганини ҳозирча тасдиқлаш имкони йўқ.
Ҳамид Исмоилов ўзбек ва рус тилларида ижод қилади. Унинг асарлари инглиз, турк, немис ва француз тилларига таржима қилинган. Ёзувчи 2019 йилда «The Devil’s Dance» («Жинлар базми») романи учун ЕБРД адабиёт мукофотига сазовор бўлган. Шунингдек, унинг «We Computers» асари 2026 йилги ЕБРД адабиёт мукофотининг қисқа рўйхатига киритилган.
2026 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти ғолиби 8 октябрь куни Стокгольмда эълон қилиниши кутилмоқда. Мукофотни топшириш маросими эса 10 декабрь куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, ўтган йили адабиёт бўйича Нобель мукофоти венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркайга берилган эди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг