ҒУЗОРДА МИЛЛИАРДЛАБ СЎМЛИК ДРЕНАЖ ЛОТОКЛАРИ ЧИҚИНДИГА ТЎЛДИ
Ғузор тумани марказида давлат бюджети ҳисобидан қурилган дренаж лотоклари маиший чиқиндиларга тўлиб, ўз вазифасини бажара олмаяпти. Аҳоли экологик хавф ва миллиардлаб сўмларнинг самарасиз сарфланганидан норози.
Қашқадарё вилояти Ғузор тумани марказий кўчаларида дренаж сувлари учун қурилган лотоклар қаровсиз ҳолатга келиб қолди.
Давлат бюджети ҳисобидан катта маблағ сарфланиб барпо этилган лотоклар бугунги кунда маиший чиқиндилар, пластик идишлар, тупроқ ва бошқа ахлатлар билан тўлиб кетган. Оқибатда дренаж тизими ўз вазифасини тўлиқ бажара олмаяпти.
Тўпланган чиқинди ёмғир ва ортиқча сувларнинг эркин оқиб кетишига тўсқинлик қилмоқда, атрофга нохуш ҳид тарқалишига, санитария ва экологик муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Аҳоли давлат маблағлари сарфланган объектдан амалда самарали фойдаланилмаётганини таъкидламоқда. Лекин шу чиқиндини давлат келиб ташламаганку!
“Агар лотоклар мунтазам тозаланмаса ва назорат қилинмаса, уларни қуриш учун бюджетдан миллиардлаб сўм сарфлашдан қандай самара бор?” дейилади мурожаатда.
Ғузор тумани аҳолиси туман ҳокимлиги, ободонлаштириш бошқармаси, Экология идоралари ҳамда бошқа масъул ташкилотлардан ҳолатни ўрганиш, аҳоли чиқиндига тўлдирган лотокларни чиқиндилардан тозалаб, дренаж тизимини ишчи ҳолатга келтириш ва келгусида доимий назорат ўрнатишни сўрашмоқда.
Назоратга қўшимча равишда жарима ва бошқа маъмурий жазоларни ҳам кўриб чиқиш зарур.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг