ҚАШҚАДАРЁДА 21 НАФАР ЎҚУВЧИ ҒЎЗАГА СЕПИЛГАН ДОРИ ВОСИТАСИДАН ЗАҲАРЛАНДИ
Ғузор туманида фермернинг ғўза майдонига сепилган «Агро Аугрон» дори воситаси туфайли 51-мактабнинг 22 нафар ўқувчиси заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ғўза майдонига сепилган дори воситасидан заҳарланган.
Ҳодиса 23 сентябрь куни соат 11:45 атрофида содир бўлган. Мактабнинг 10–11-синфларида таҳсил олувчи бир гуруҳ ўқувчилар кўнгил айниши ва бош оғриғи каби аломатлар билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.
Маълум бўлишича, мактабга туташ ҳудуддаги фермер хўжалигига қарашли пахта майдонига шу куни соат 09:00 ларда пахтанинг эрта етилишини таъминлаш мақсадида «Агро Аугрон» дори воситаси сепилган.
Ҳодиса оқибатида 22 нафар ўқувчи тиббиёт муассасасига ётқизилган ва уларга дастлаб «ошқозон диспепсия синдроми» ташхиси қўйилган. Айни пайтда 7 нафар ўқувчи стационар даволанмоқда. Соғлиғи яхшиланган 15 нафар ўқувчи эса уйига жавоб берилган. Яна ўнлаб ўқувчиларда ҳолсизланиш ва бош роғриғи аломатлари кузатилаётгани айтилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 201-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳодисага ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли экспертизалар тайинланган.
Ҳозирда Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг