ҚАШҚАДАРЁЛИКЛАР ҚАЧОН ГАЗГА ЁЛЧИЙДИ?
Ғузор туманида имтиёзли газ балонлари фуқаролар номига расмийлаштирилаётгани, аммо амалда етказиб берилмаётгани, рақамли тизимлар орқали суиистеъмоллар ва кечикишлар юзага келаётганидан аҳоли қаттиқ норози. .
Қашқадарё вилояти Ғузор тумани аҳолиси номига ноқонуний равишда газ ажратилиб ва маблағлар ўзлаштирилмоқда – бу ҳақида Элтузарга туман аҳли шикоят йўллади.
Маълумотларга кўра, имтиёзли газ баллонлари фуқароларнинг ID карталари орқали расмийлаштирилади, аммо амалда ушбу газ уларга етказиб берилмайди. Яъни, ҳужжатларда фуқаро газ олган деб кўрсатилса-да, амалда бундай хизмат кўрсатилмайди.
SMS хабарномаларнинг атайлаб ўчириб қўйилади ёки сохта телефон рақамлар киритилади, шу сабабдан фуқаролар ўз номидан қандай операциялар амалга оширилаётганидан бехабар қолмоқда.
Шунингдек, амалда газ етказиб бериш муддатлари ҳам белгиланган тартибга мос эмас. Масалан, 40–45 кунда етказилиши лозим бўлган газ баллонлари айрим ҳолларда 60–65 кунгача кечикиб келади.
Газ тарқатиш жараёнида ID карталардан жойида фойдаланилмайди. Маълумотлар олдиндан киритиб қўйилган бўлади. Бундан ташқари, айрим ҳолларда табиий газга уланган хонадонларга ҳам суюлтирилган газ олувчи сифатида ID очилган, аммо бу ҳақда уй эгаларида ҳеч қандай маълумот йўқ.
“Е-GAZ” ва “FACE ID” каби рақамли тизимлар жорий этилганига қарамасдан, улар ҳам амалда суиистеъмол қилиняпти. Масалан, бир автомашинадаги 100 дан ортиқ газ баллонлари тўлиқ сотилмаган бўлса-да, тизимда барчаси тарқатилган деб кўрсатилиши мумкин. Қолган қисми эса номаълум йўллар билан ўзлаштирилиши мумкин.
Аҳоли бу борада тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилган, ҳатто айрим текширувларда шу камчиликлар аниқланганини ҳам таъкидлашмоқда. Бироқ аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича етарли чоралар кўрилмаган.
«Масъул идоралардан ушбу ҳолатларни атрофлича ўрганиб чиқишни, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда имтиёзли газ таъминотини шаффоф ва адолатли йўлга қўйишни сўраймиз» – дейди туман аҳли ўз мурожаатида.
Сиз сўрайсиз, Элтузар эълон қилади. Ҳудудгаздан тортиб то ҳокимликкача – барча масъуллар муаммони билиб, билмаганга, кўриб, кўрмаганга олаверадими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг