АТТЕСТАЦИЯНИНГ НАВБАТДАГИ ҚУРБОНИ – ГУРЛАНДАГИ ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ҲАМШИРАЛАРИ
Гурлан туманидаги тез тиббий ёрдам ҳамширалари аттестациядан кейин олий тоифадан “нол” даражага туширилганини айтиб, баҳолашда адолатсизлик бўлганини даъво қилмоқда. Улар кўп йиллик тажрибаси инобатга олинмаганини таъкидламоқда.
2026 йил 5 май куни Хоразм вилояти Гурлан тумани тез тиббий ёрдам хизматида фаолият юритаётган ўрта тиббиёт ходимлари учун аттестация ўтказилди. Ушбу жараёнда иштирок этган бир гуруҳ ҳамширалар билдиришича, баҳолашда адолатсизликка йўл қўйилган.
Иддаоларга кўра, оғзаки саволларга ҳамширалар билими доирасида жавоб берган бўлса-да, якуний натижада “номувофиқ” деб топилиб, аввал эгаллаб турган олий тоифаларидан бирданига “нол” даражага туширилган.
Ушбу қарор улар учун кутилмаган ва тушунарсиз бўлди. Ҳамшираларнинг меҳнат стажи 24-28 йилни ташкил этади. Шу боис, улар ўз малакалари ва тажрибалари инобатга олинмаганини таъкидлаб, аттестация натижаларини қайта кўриб чиқишни сўрашмоқда.
Ҳозирча аттестацияни қайси ҳудудий комиссия (Тошкент ёки Самарқанд) ўтказгани ноаниқ. Масалани адолатли ва холисона кўриб чиқилиш зарур.
Аттестация жараёнида адолат ва шаффофлик талаблари бузилган бўлса, натижаларни қайта кўриб чиқиш, синовларни қайта ташкил қилиш шарт.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг