Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги Реституция битими доирасида Гулнора Каримовадан қайтарилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган илк соғлиқни сақлаш дастури якунланди.

2023 йил сентябридан амалга оширилган «Ҳар бир она ва бола яшайди ҳамда ривожланади: Ўзбекистондаги перинатал марказларда оналар ва болалар ўлимини қисқартириш» лойиҳаси якунларига бағишланган тадбирда давлат идоралари, Швейцария элчихонаси, БМТ агентликлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Лойиҳа «Ишонч» жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, уни амалга ошириш учун 43,5 миллион АҚШ доллари йўналтирилди. Дастур UNICEF, UNFPA ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилди.

Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 231 та перинатал муассаса замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Бунинг учун 31 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланиб, инкубаторлар, сунъий нафас олдириш аппаратлари, анестезия тизимлари ва бошқа замонавий ускуналар ҳудудларга етказиб берилди.

Шунингдек, 80 мингдан ортиқ тиббиёт ходими замонавий перинатал ёрдам, мураккаб ҳомиладорлик ҳолатларини бошқариш, муддатидан олдин туғилган чақалоқларни парваришлаш ҳамда лаборатория диагностикаси бўйича қайта тайёрланди.

Лойиҳа давомида оналар ва янги туғилган чақалоқларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича 49 та клиник протокол ишлаб чиқилди ёки янгиланди.

Ахборот кампаниялари орқали қарийб 20 миллион нафар фуқаро қамраб олинди, натижада 4 миллионга яқин аҳоли сифатли оналик ва перинатал хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Мониторинг натижаларига кўра, олдини олиш мумкин бўлган оналар ўлими улуши 2022 йилдаги 77,3 фоиздан 62,8 фоизгача камайган. Жуда кам вазнда туғилган чақалоқларнинг омон қолиш кўрсаткичи эса дастур бошланганидан буён қарийб 13 фоизга яхшиланган.

«Ишонч» жамғармаси Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари ўртасидаги Реституция битими асосида ташкил этилган бўлиб, хориждан қайтарилган активларни аҳоли манфаатлари йўлида, хусусан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтиришни назарда тутади.