Сирдарё вилоятида Гулистон шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими пора олишда гумонланиб қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, ҳокимлик ходими тадбиркорлик қилмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, унга давлат захирасидаги ер майдонини олиб беришни ваъда қилган.

Гап Гулистон шаҳрининг Ўзбекистон шоҳ кўчасида жойлашган 2 сотих ер майдони ҳақида бормоқда. Айтилишича, ушбу ерда озиқ-овқат дўкони ташкил этиш режалаштирилган. Ҳокимлик ходими ерни мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Маълумотларга кўра, у талаб қилинган пулнинг бир қисми сифатида фуқаронинг Lacetti автомашинасини 12 минг долларга баҳолаб, бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома асосида олиб қолган.

Кейин ўтказилган тезкор тадбирда ҳокимлик ходими сўралган маблағ ҳисобидан яна 8 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўллангани хабар қилинди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бу ҳолат яна бир бор ер ажратиш, тадбиркорлик учун майдон олиш ва маҳаллий ҳокимиятлар атрофидаги коррупция хавфлари қанчалик оғриқли муаммо бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Давлат захирасидаги ер – шахсий “таниш-билиш” орқали сотиладиган мулк эмас. Аммо амалда айнан шу ерда давлат ваколати пора бозорига айлантирилгани иддао қилинмоқда.