16 май куни тонг соат 05:30 лар атрофида “Бочка” ҳудудидан дам олишдан қайтаётган фуқаролар ЙПХ ходими билан боғлиқ нохуш ҳолатга дуч келганини маълум қилди.

Мурожаатга кўра, йўлда ҳайдовчи ўзини ёмон ҳис қилган ва боши айланаётгани сабабли ҳамкасбидан автомашинани бошқариб беришни сўраган. Ҳамкасби ҳайдовчилик гувоҳномаси ёнида эмаслигини айтган, аммо MyGov иловасидаги электрон ҳужжатни кўрсатиш мумкинлиги билдирилгач, у мажбур ҳолда рулга ўтирган.

Йўлда уларни ЙПХ ходими тўхтатган. Фуқаролар барча ҳужжатларни, жумладан MyGov иловасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам кўрсатган. Бироқ ходим электрон ҳужжатни қабул қилмаслигини айтиб, автомашинани жарима майдончасига жойлаштиргани айтилмоқда.

Мурожаатда ЙПХ ходимининг боди-камераси ишламагани, бу ҳақда айтилганда эса у “ишламаса ҳам менга фарқи йўқ” дея жавоб бергани таъкидланган. Шунингдек, ходим “мен жарима ёзиш бўйича Ғазалкент рекордчисиман” дегани иддао қилинмоқда.

Ҳолат оқибатида фуқаролар йўлда қолиб кетган. Улар жарима майдончасидан такси чақириб, ўзини ёмон ҳис қилган ҳамкасбини шифохонага олиб борган. Аҳволи яхшилангач, у уйига етказилган.

Мурожаатчи мазкур ҳолат юзасидан масъуллардан изоҳ сўраб, фуқароларга нисбатан бундай муносабат қачонгача давом этиши ҳақида савол қўймоқда.