Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги жиддий муаммолар ҳақида Элтузар таҳририятига мурожаат келиб тушди. Унда ФВВ вазири генерал-майор Азизбек Икрамовнинг топшириқлари жойлардаги раҳбар ва ходимларни амалда тадбиркорлардан пул ва моддий ёрдам сўрашга, яъни коррупция хавфи юқори бўлган йўлга киришга мажбур қилаётгани айтилмоқда.

Мурожаатда келтирилган ҳолатларни ФВВ тизимидаги вазиятдан хабардор яна икки юқори мартабали манба ҳам Элтузарга тасдиқлади. Уларнинг шахси таҳририятга маълум, аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор қилинмайди.

Манбаларга кўра, вазир Азизбек Икрамов томонидан шаҳар ва туман Фавқулодда вазиятлар бўлимларига биноларни таъмирлаш, видеокузатув камералари ўрнатиш, пахта заводлари ва бошқа объектларни камералар билан жиҳозлаш каби мунтазам топшириқлар берилмоқда.

Муаммо эса битта: топшириқ бор, пул йўқ.

«Бўлимни таъмирла, камера ўрнат», деган талаб қўйилади. Ходим маблағ йўқлигини айтса, «ўз ёнингдан қилма, ҳокимдан сўра», деган жавобни эшитади. Ҳокимликка борилса эса, у ердан «маблағ йўқ, ўзинг топ», деган жавоб қайтиши айтилмоқда.

Натижада туман ёки шаҳар ФВБ раҳбари олдида икки йўл қолади: вазирнинг топшириғини бажармаслик ёки уни бажариш учун тадбиркор эшигини қоқиш.

Элтузар манбалари айнан мана шу ҳолат ходимларни коррупцияга мажбурлаётганини таъкидламоқда.

Тадбиркордан камера, қурилиш материали ёки бошқа моддий ёрдам сўраган давлат ходими эртага ўша тадбиркор фаолиятини текшириши ҳам мумкин. Бундай муносабатнинг ўзиёқ манфаатлар тўқнашуви ва коррупция учун тайёр муҳит яратади.

Энг оғир томони — хавф пастдаги ходим зиммасига тушади.

Манбаларнинг айтишича, агар тадбиркордан жиҳоз ёки маблағ сўраган ходим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборига тушса, юқори раҳбарият «вазир тадбиркордан пул ол дегани йўқ, ҳокимликдан ёрдам сўрашни айтган», деган важ билан ўзини четга олиши мумкин.

Яъни топшириқ — юқоридан.

Пул топиш — пастдагининг муаммоси.

Жиноий хавф ҳам — пастдаги ходимнинг бўйнида.

Бу бошқарув усули коррупцияга қарши кураш эмас, коррупция учун шароит яратишдир.

Агар давлат камера ўрнатишни талаб қилса, камера учун давлатнинг ўзи маблағ ажратиши керак. Агар давлат бинони таъмирлашни буюрса, таъмир учун ҳам бюджетда пул бўлиши лозим.

Давлатнинг вазифасини тадбиркорнинг елкасига юклаб, кейин ходимни унинг олдига ёрдам сўраб юбориш — коррупцияга қарши тизим эмас.

Бу — ходимни коррупцион муносабатга киришга мажбурлайдиган бошқарув амалиёти.

Мурожаатда вазирликдаги тинимсиз йиғилишлар ҳам кескин танқид қилинган. Манбаларнинг айтишича, вазир ва унинг ўринбосарлари ҳафтасига бир неча марта соатлаб йиғилиш ўтказади. Айрим йиғилишлар кечки пайтгача, ҳатто кечаси ҳам давом этади.

Айниқса, вазир ўринбосари полковник Хуршид Сотиевнинг муносабати бўйича жиддий эътирозлар билдирилган.

Манбаларнинг даъво қилишича, у айрим йиғилишларда ходимларнинг шахсиятига тегади, «кимнинг эркатойисан?», «кимнинг одами бўласан?» каби камситувчи ибораларни ишлатади.

Элтузар билан гаплашган манбаларнинг таъкидлашича, тизим ичида норозилик кучайган. Сабаби оддий: ходимдан натижа талаб қилинади, аммо уни таъминлаш учун зарур молиявий ресурс берилмайди. Кейин эса ўша ходим топшириқни бажариш учун норасмий йўл излашга мажбур бўлади.

Шу сабаб бу масалани оддий «ички норозилик» деб ёпиб қўйиш мумкин эмас.

Президент Администрацияси ва коррупцияга қарши ваколатли органлар ФВВ тизимида сўнгги йилларда ўрнатилган камералар, амалга оширилган таъмирлар ва бошқа моддий харажатларни текшириши керак.

Ҳар бир камера учун пулни ким берган?

Ҳар бир таъмир қайси маблағдан қилинган?

Қайси ҳокимлик қанча маблағ ажратган?

Қайси тадбиркор қандай жиҳоз берган?

Нега давлат бюджети ҳисобидан бажарилиши керак бўлган ишлар учун ходимлар тадбиркорлардан ёрдам сўрашга мажбур?

Бу саволларга жавоб берилса, ФВВдаги муаммонинг ҳақиқий кўлами ҳам аниқ бўлади.

Ҳозир эса Элтузарга келиб тушган мурожаат ва уни тасдиқлаган икки юқори мартабали манбанинг гапи битта нуқтада бирлашмоқда:

вазирликда шундай бошқарув амалиёти шаклланганки, юқоридан берилган маблағсиз топшириқларни бажариш учун пастдаги ходим тадбиркордан ёрдам излашга мажбур бўлмоқда.

Манбаларнинг фикрича, бу ҳолат учун сиёсий ва хизмат масъулиятини, энг аввало, ФВВ раҳбарияти ва вазир Азизбек Икрамов зиммасига қўйиш лозим.