Қарши давлат техника университети Бизнес ва бошқарув кафедраси мудири Феруза Норқобилова Элтузарда 28 май куни унинг номи билан эълон қилинган мурожаатни ўзи юбормаганини билдирди. Унинг айтишича, ички ишлар ходимига ёзган шикоят аризаси кимдир томонидан расмга олиниб, таҳририятга унинг номидан юборилган бўлиши мумкин.

29 май куни Элтузар таҳририяти почтасига Феруза Норқобилова номидан мактуб келиб тушди. Унда сайтда унинг номидан жойлаштирилган мурожаатни ўзи юбормагани, материални эълон қилиш учун таҳририятга мурожаат қилмагани ва уни жойлаштиришга розилик бермагани айтилган.

Мактубда Норқобилова таҳририятдан мурожаат ким томонидан юборилганини аниқлаштиришни, унинг номи ва маълумотларидан қандай асосда фойдаланилганига ойдинлик киритишни ҳамда расмий жавоб беришни сўраган. Акс ҳолда, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли ташкилотларга мурожаат қилишини маълум қилган.

Шундан сўнг Элтузар ўзини Феруза Норқобилова деб таништирган аёл билан боғланди. У таҳририятга юборган видео мурожаатида Элтузарга ҳеч қандай мактуб йўлламаганини билдирди.

Кейинроқ Феруза Норқобилова ҳолат юзасидан қўшимча изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, у Қарши давлат техника университети Инновацион иқтисодиёт кафедраси ўқитувчиси М.А. устидан участка профилактика инспектори Аброр Каттановга шикоят аризаси ёзган.

Норқобилованинг таъкидлашича, у мазкур аризада Муниса Алимова унинг шаънини таҳқирлагани, оилали экани, турмуш ўртоғи ва фарзандлари борлигига қарамай, уни бегона эркак билан “ишқий муносабатда” деб одамлар орасида гап тарқатганини билдирган.

“Менинг аризамни участкавойдан олиб, расмга олиб, менинг номимдан сизларга мурожаат йўллаган. Ваҳоланки, менинг бундан мутлақо хабарим йўқ”, дейди Феруза Норқобилова.
28 май куни Элтузарда “Қарши давлат техника университети кафедра мудирига қарши буллинг уюштирмоқда” сарлавҳали хабар эълон қилинган эди. Унда Қарши давлат техника университети Бизнес ва бошқарув кафедраси мудири, иқтисодий фанлар доктори, Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Феруза Норқобилова ўз шаъни, қадр-қиммати ва хизмат обрўсига путур етказилгани юзасидан таҳририятга мурожаат қилгани ҳақида ёзилган.

Мақолада Норқобиловага нисбатан тизимли босим, оммавий буллинг, туҳмат ва обрўсизлантириш уринишлари бўлаётгани иддао қилинган. Шунингдек, 22 апрель куни иш жойи олдида сунъий жанжал уюштирилгани, кейинчалик унинг устидан нотўғри мазмунда шикоят киритилгани айтилган.

Ҳозирда Элтузар таҳририяти аввалги мурожаат таҳририятга қандай келиб тушгани, уни ким юборгани ва Феруза Норқобилованинг шахсий маълумотларидан қандай асосда фойдаланилганини ўрганмоқда.

Таҳририят Феруза Норқобилованинг раддияси ва қўшимча изоҳини эълон қилар экан, ушбу ҳолат юзасидан барча томонларнинг позициясини беришга тайёрлигини маълум қилади.