Фарғона вилоятидаги «Қўқон — Яйпан» йўналиши бўйича шартнома муддати тугаганига қарийб икки ой бўлган бўлса-да, йўналиш ҳанузгача қайта тендерга чиқарилмаган.

Бу ҳолатда жамоатчилик фаоллари вилоят транспорт бошқармаси фаолиятини танқид қилишяпти. Амалдаги қонунчиликка кўра, йўналишларга хизмат кўрсатиш шартномаси муддати тугашидан олдин янги тендер жараёни бошланиши керак. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги 738-сонли қарорида йўналишларни очиқ тендер орқали тақсимлаш тартиби белгилаб қўйилган.

Мурожаатга кўра шу талаблар «Қўқон — Яйпан» йўналишида бажарилмаяпти. Йўналиш транспортлари қандай ҳуқуқий асосда ишлаётгани, ташувчиларнинг мажбуриятларини бажариши ким томонидан назорат қилинаётгани номаълум.

Президентнинг жамоат транспортини модернизация қилишга қаратилган қарорларида аҳолини хавфсиз ва қулай транспорт билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Хусусан, М-1 тоифасидаги эски транспорт воситаларидан босқичма-босқич воз кечиб, замонавий М-2 тоифасидаги микроавтобусларга ўтиш режалаштирилган.

Бироқ Фарғона вилоятининг айрим йўналишларида аҳоли ҳануз эски «Дамас»ларда қатнайди. Умуман олганда, Ўзбекистоннинг деярли барча вилоят, шаҳарларида «Дамас» – энг дастёр маршрут. Фарғонада ҳам бу транспортни янгилаш ўрнига тендернинг кечиктирилиши соҳада шаффофликка путур етказиб, бюджет тушумлари ва назорат механизмларига салбий таъсир кўрсатиши тайин.

Президент бошлаган транспорт ислоҳотлари Фарғонага келганда нега секинлашди? Тадбиркорлар учун тендер ўтказмасликдан ким манфаатдор? Ислохотлар ғилдирагига қандай тош тиқилдию, ривожланиш тақатақ тўхтади?