Фарғона вилоятидан 63 ёшли Майрамой Тўхтасинова қизи Майгул Абдуллаева наркотик иши бўйича ушланганидан сўнг калтаклангани ва қийноққа солинганини, шу ортидан эса уни ҳимоя қилишга уринган ўғли Улуғбек Тўхтасинов ҳам қамоққа олинганини даъво қилмоқда. Элтузар ихтиёрида аёлнинг калтакланганидан кейинги ҳолати акс этган сурат ҳам бор.

Наркотик иши, қийноқ даъвоси ва икки фарзанд қамоқда — она нималарни айтиб берди?

Она мурожаатига кўра, воқеа 2026 йил 19 июль куни бошланган. Унинг айтишича, Қуштепа туманида яшовчи, тўрт фарзанднинг онаси бўлган Майгулга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қўнғироқ қилиб, келишини сўраган. Майгул ўша куни якшанба экани, соғлиғи ёмонлашиб, укол олиб ётганини айтган. Орадан ярим соат ўтиб, онаси сўзларига кўра, учта машинада келган шахслар уни мажбуран уйидан олиб чиқиб, Қўқон шаҳрига олиб кетишган.

Мурожаатда айтилишича, Қўқонда Майгулни номаълум эркак билан юзлаштиришган ва ундан “наркотикни шу аёлдан олдингми?” деб сўрашган. Онага кўра, ўша шахс дастлаб Майгулни танимаслигини айтган. Шундан кейин, она даъвосича, ДХХ ва тезкор ходимлар ўша эркакка ҳам босим ўтказган, Майгулнинг ўзи эса айбни бўйнига олишга мажбурланган. Она қизнинг бошига салафан пакет кийдирилиб, бўғилгани ва қаттиқ калтакланганини айтмоқда.

Майрамой Тўхтасинованинг сўзларига қараганда, оилага Майгулни бир неча соат кўрсатишмаган. Кейин адвокат орқали киришга муваффақ бўлишган. Она айтишича, қизининг тан жароҳатлари ва руҳий аҳволи унинг босим остида бўлганини кўрсатган.

Шундан сўнг аёлнинг акаси Улуғбек Тўхтасинов опасини ҳимоя қилиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ва Саида Мирзиёева номига мурожаат йўллаган. Аммо она даъвосича, бу мурожаатдан кейин ўғлига босим бошланган. Сентябрь ойи бошларида уни чақириб, аризадан қайтишга ундашгани, “опасига ёрдам бўлмайди” дея қўрқитишгани айтилмоқда. Улуғбек аризасини қайтариб олмаганидан кейин унинг уйида тинтув ўтказилган, ҳеч нарса топилмагани, аммо 11 сентябрь куни уни яна чақириб, қамаб қўйишгани билдирилган.

Она айтишича, ҳозирда ҳар икки фарзанди ҳам қамоқда. Унинг сўзларига кўра, қизи Майгулга наркотик савдоси бўйича айб қўйилган, ўғли Улуғбекка эса Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан айблов эълон қилинган. Тўхтасинова бу айбловларни асоссиз деб ҳисоблайди ва фарзандлари “беайб жазоланаётганини” айтмоқда.

Мурожаат муаллифи турмуш ўртоғи вафот этганини, уни боқиб келаётган асосий фарзанди ҳам айнан Улуғбек бўлганини таъкидлайди. Қизи ва ўғлининг вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳам қўшимча ижтимоий фожиа сифатида тилга олинган.

Айни пайтда мазкур иддаолар мурожаатчи томоннинг даъвоси бўлиб, Элтузар уларни мустақил равишда тўлиқ тасдиқлагани йўқ.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг бу айбловлар юзасидан расмий муносабати ҳозирча очиқ эмас.

Хўш, агар аёл ҳақиқатан калтакланган бўлса, бунинг учун ким жавоб беради, ва нега опасини ҳимоя қилган ака ҳам ортидан қамоққа олинди?