ФАРҒОНАДА ФЕРМЕРЛАР УСТИДАН ТОТАЛ НАЗОРАТ ЎРНАТИЛДИ-МИ?
Фарғона вилоятидаги Фермерлар кенгаши ходимлари кечикаётган маошлар, моддий қўллаб-қувватлов йўқлиги ва Telegram орқали кучайтирилаётган тотал назоратдан норози. Улар ҳар қадамнинг кузатилиши иш муҳитини кескин ёмонлаштирганини айтмоқда.
Фарғона вилоятидаги Фермерлар кенгаши тизимида ишловчи ходимлар устидан назорат тобора кучайиб, деярли тотал тус олгани айтилмоқда. Ходимлардан Telegram ID топшириш, ҳаракатланишини кузатиш ва ҳар қадамини назорат қилишга қаратилган талаблар ортидан тизимдаги босим, маош муаммоси ва ишга нисбатан адолатсиз муносабат янада очиқ кўрина бошлаган. Хабар тафсилоти билан танишинг:
Фарғона вилоятидаги туман Фермерлар кенгаши ходимлари меҳнат шароити, ойлик маошларининг кечикиши, моддий қўллаб-қувватловнинг йўқлиги ва ортиқча назорат кучайиб бораётганидан норозилик билдирмоқда.
Ходимлар айтишича, улар бир неча йилдан буён на мукофот пули, на моддий ёрдам олишган. Маошлар эса айрим ҳолларда ойлаб кечикиб тўланади. Бу ҳолатга Фермерлар кенгашининг нодавлат нотижорат ташкилоти экани важ қилиб кўрсатилса-да, амалда муаммолар тобора чуқурлашмоқда.
Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, ходимлардан маблағ тушириш талаб қилинади, аммо туширилган маблағлардан шаклланадиган ойликни ҳам ўз вақтида олиш мушкул. Шу билан бирга, вилоят даражасидаги раҳбарлар томонидан доимий равишда янги-янги топшириқлар юборилади, лекин бунинг эвазига ҳеч қандай рағбат, миннатдорлик ёки амалий ёрдам берилмайди.
Айниқса, кейинги пайтларда ходимлар устидан назоратни кескин кучайтиришга қаратилган талаблар норозиликка сабаб бўлмоқда. Жумладан, барча ходимлардан Telegram ID маълумотларини жадвалга киритиш, уларнинг қаерга боргани ва қаерда юрганини кузатишга қаратилган тизимларга уланиш талаб этилмоқда. Бу эса ходимларда “ҳар қадамимиз назоратда” деган оғир руҳий босимни кучайтирган.
Мурожаатда бу ҳолат шундай кескин ифодаланади: ходимлар ҳатто ҳожатхонага кириб бироз кўпроқ ушланиб қолса ҳам, бу учун танбеҳ эшитиши ёки ойлигидан ушлаб қолинишидан хавотирга тушмоқда. Бу эса ташкилотдаги муҳит соғлом эмаслиги, ишчи-ходимларга нисбатан ишонч ўрнига босим устун келаётганини кўрсатади.
Бундан ташқари, ходимлар зиммасига келди-кетди дафтари юритиш, табель тайёрлаш, ҳисобот топшириш ва маблағ тушириш каби кўплаб вазифалар юкланган. Аммо бу вазифалар ортидан на муносиб ҳақ тўланмоқда, на ишни енгиллаштирувчи ёрдам бор. Аксинча, “пул туширинглар” деган талаб бор, лекин тушумни таъминлаш бўйича ҳеч қандай амалий кўмак йўқ.
Мурожаат муаллифига кўра, бундай асоссиз, бесамар ва одамни чарчатадиган топшириқлар ходимларнинг ишга бўлган қизиқишини сўндирмоқда, меҳнатга бўлган иштиёқини пасайтирмоқда ва охир-оқибат инсонни ишдан кўнгли совишига олиб келмоқда.
Ходимлар масъул идоралар ва мутасадди раҳбарлардан ушбу ҳолатларга эътибор қаратишни, тизимдаги ноқонуний ёки номақбул талабларга чек қўйишни, меҳнат муносабатларини тартибга солишни ва ходимларни ортиқча босимдан ҳимоя қилишни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг