Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида кадастр бўлими мутахассиси ҳамда туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи пора олиш билан боғлиқ ҳолатда ушланди.

Маълум бўлишича, туман кадастр бўлими мутахассиси Д.Т. туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимида ишловчи таниши орқали фуқаро М.И.га “Авғон” МФЙ ҳудудидаги 31 сотих нотурар ер майдонини 9 500 АҚШ доллари эвазига турар жой сифатида расмийлаштириб беришини айтган. Шу мақсадда у келишилган пулдан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Кейинги тадбир давомида туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи О.Н. Д.Т.дан 5 000 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. О.Н. муқаддам судлангани маълум қилинган.

Таъкидланишича, ушбу пулни олишдан аввал икки ходим ўртасида олинажак пора маблағини бўлишиш масаласида телефон орқали кескин тортишув юзага келган. Жанжал шу қадар авж олганки, улар ўртасида муштлашувгача борган.

Мазкур ҳолатдан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хабар топиб, пора маблағи олинаётган вақтда тезкор тадбир ўтказган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси ҳамда 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.