ФАРҒОНАДАГИ ТЕХНИКУМ ЎҚИТУВЧИЛАРИ МАРДИКОРГА АЙЛАНИШДИ
Фарғона вилоятидаги 2-сонли касб-ҳунар техникумида ўқитувчилар ва ходимлардан таъмирлаш ҳамда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси баҳонасида пул йиғилаётгани, ер майдонларида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани иддао қилинмоқда.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 2-сонли касб-ҳунар техникуми раҳбарияти томонидан ходимларга нисбатан қатор ноқонуний талаблар қўйяпти.
Жамоанинг билдиришича, техникум директори Гулнора Умарова раҳбарлиги даврида ходимлардан таъмирлаш ишлари учун 200 минг сўмдан 1 миллион сўмгача маблағ йиғилган. Айрим ҳолатларда пул беришни истамаган ходимларга босим ўтказилган, ҳатто ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиш талаб қилинган.
Шунингдек, ўқув йили давомида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси учун овоз йиғиш баҳонасида ҳам ходимлардан маблағ йиғилган.
Техникум ўқитувчилари ҳамда ишлаб чиқариш таълими усталари ўз вазифаларидан ташқари ишларга жалб қилиниб, техникум тасарруфидаги ер майдонларида меҳнат қилишга мажбурланяпти. Манбага кўра, бу каби ишлар мунтазам равишда амалга оширилади.
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, аввалги раҳбар даврида бундай пул йиғимлари кузатилмаган. Янги раҳбар тайинланганидан кейин эса турли йиғимлар ва мажбурий ишлар кўпайди.
Давлат таълим муассасасида таъмирлаш ишлари учун йиғилаётган маблағлар қаерга сарфланади ўзи? Нега ҳалигача педагоглар таълим бериш ўрнига ер майдонларида ишлашга жалб қилиняпти?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг