Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Пиримкулов Бобур Қаҳрамонович билан учрашиш деярли имконсиз. Олти ой давомида қилинган уринишлар натижа бермаяпти. Бошқарма биносида фуқаролар қабули жадвали умуман эълон қилинмайди. Бошқарма ходимлари “бошлиқ банд, ўринбосар қабул қилади” деган жавоб билан чекланилмоқда – бу ҳақида Элтузарга бошқарма остонасига умид билан бош уриб, қуруқ қайтиб кетаётган фуқаролар хабар беришди.

Бошқарма ходимлари эса кадрлар сиёсатидан норозилар. Мурожаатга кўра, бош юрист лавозимига Усмоналиев Фирдавсбекнинг тайинланиши қонун талабларини четлаб ўтиб амалга оширилган. На танлов бўлган, на адлия органлари билан келишув тасдиқланмаган.

Бу ҳолат ПҚ-2733-сон Президент қарори талабларига зид. Қарорга мувофиқ, давлат органларида юридик хизмат ходимлари тайинлови мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилиши шарт. Шунингдек, ПФ-95-сон Президент фармонида давлат хизматчилари фақат очиқ танлов орқали ишга қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Манбаларга кўра, Фарғона вилояти адлия бошқармаси мазкур ҳолатни ўрганиб, тайинловни қонунбузилиш деб топган ва бош юристни лавозимдан озод этиш бўйича тақдимнома киритган. Аммо бу ҳужжат ҳам амалда “иш бермади”, лавозим эгаси ҳануз иш фаолиятини давом эттирмоқда. Ноқонуний тарзда тайинлангани тасдиқланган ушбу шахс ишчи гуруҳларга раҳбар бўлиб текширувларда фаол қатнашяпти.

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси қабулидаги ноаниқликлар, мурожаатларга жавоб берилишининг сустлиги идора фаолиятидаги шаффофликка соя солади. Қабул самарадорлигини ошириш учун бошқарма раҳбари қандай чора кўради? Вазиятни яхшилаш истаги борми ўзи?