Элтузарга Фарғонадаги ППХ батальони фаолияти юзасидан жиддий иддаолар баён қилинган мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифи батальон раҳбариятини пора олиш, айрим ходимларга имтиёз яратиш, танқид билдирган ходимларга нисбатан босим ўтказиш ва эҳтимолий қоидабузарликларни яширишда айбламоқда.

Мурожаат эгаси хавфсизлик нуқтаи назаридан шахсини ошкор қилмасликни сўраган.

Муаллифнинг иддаосига кўра, батальон командири Камолдин Сотволдиев айрим ходимлар ва уларнинг яқинларидан мунтазам равишда совға-салом ва дастурхон қабул қилади. Мурожаатда яқинда ишга қабул қилинган бир ходимага бошқа ходимларга нисбатан алоҳида имтиёзлар берилгани даъво қилинмоқда.

Хусусан, мурожаат муаллифининг айтишича, ушбу ходима ишга хоҳлаган вақтда келиши, эрталабки йиғилишларда қатнашмаслиги ёки хизмат жойини рухсатсиз тарк этишига қарамай, унга нисбатан чора кўрилмайди.

Аксинча, мурожаатда бу ҳолатларга эътироз билдирган айрим ходимларнинг бошқа жойга ўтказилгани ёки интизомий жазога тортилгани ҳақида ҳам иддаолар келтирилган.

«Баъзи ходимлар бу ҳақда раҳбариятга ҳам хабар берди. Натижада эса муаммони кўтарган ходимларнинг ўзига чора кўрилди», — дейилади мурожаатда.

Мурожаатдаги яна бир жиддий даъво транспорт воситасидан фойдаланиш билан боғлиқ. Муаллифнинг ёзишича, ходима батальонда иш бошлаганидан кейин маълум муддат ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобиль бошқарган ва бу ҳолат раҳбариятга маълум бўлган.

Шунингдек, мурожаатда кейинчалик мазкур ходима иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани, аммо воқеа хизмат текшируви ёки бошқа ҳуқуқий чораларга сабаб бўлмагани ҳақида ҳам иддао қилинган.

Мурожаат муаллифи бу жараёнда батальон кадрлар бўлими раҳбари сифатида тилга олинган Аббос Алижонов ҳам иштирок этганини даъво қилмоқда.

Элтузар мурожаатда келтирилган иддаоларни мустақил равишда тасдиқлагани йўқ. Шу сабабли ушбу маълумотлар ҳозирча мурожаат муаллифининг даъволари сифатида келтирилмоқда.

Фарғона вилояти ички ишлар органлари ва мурожаатда номи тилга олинган масъуллар ушбу иддаолар юзасидан расмий муносабат билдирса, Элтузар уларнинг жавобини ҳам тўлиқ эълон қилишга тайёр.

Чунки қонун устуворлигини таъминлаши керак бўлган тизимда ходимларнинг ўзи қонун ҳаммага бир хил ишламаётгани ҳақида шикоят қилаётган бўлса, бу даъволар холис ва очиқ текширувни талаб қилади.