Фарғона шаҳрида фаолият юритаётган ички ишлар органлари ходимлари ўз меҳнат шароитлари ва иш режими юзасидан норозилик билдирмоқда. Бу ҳақда Элтузар таҳририятга келиб тушган мурожаатда маълум қилинган.

Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, Наврўз ва Ҳайит байрамлари муносабати билан мамлакатда кўплаб ташкилотларда 5 кунлик дам олиш белгиланганига қарамасдан, улар казарма ҳолатида хизмат қилганлар ва ҳатто бир кун ҳам дам олиш имконига эга бўлмаганлар. Шу сабабли, ходимлар оила аъзолари билан вақт ўтказиш, яқинларидан хабар олиш имкониятидан маҳрум бўлганини билдирмоқда.

Шунингдек, ходимлар хизмат юкламалари доимий равишда оширилаётгани, босим сақланиб қолаётгани ва казарма ҳолатидан чиққандан сўнг ҳам дам берилмаётганини айтишмоқда. Уларга кўра, иш вақти амалда эрталаб соат 08:00 дан тун яримгача давом этмоқда.

Мурожаатда яна бир жиддий масала сифатида кечки пайтларда ўтказилаётган йиғилишлар тилга олинган. Хусусан, 2026 йил 27 январь куни юқори даражада йиғилишларни қисқартириш бўйича кўрсатма берилганига қарамасдан, айрим бўлимларда раҳбарият ҳар куни соат 23:00 дан 01:00 гача йиғилишлар ташкил қилаётгани айтилмоқда.

Ходимлар, шунингдек, раҳбарият томонидан уларнинг муаммолари етарлича ўрганилмаётгани, айрим ҳолларда ҳақорат ва камситиш ҳолатлари ҳам учраётганини билдирганлар. Уларнинг фикрича, иш вақтининг аниқ чегараланмагани йўл-транспорт ҳодисалари каби салбий ҳолатларга ҳам олиб келмоқда.

Мурожаатда масъул идоралар, жумладан, шахсий хавфсизлик тизими бу ҳолатлардан хабардор ёки йўқлиги ҳақида савол қўйилган. Шу билан бирга, муаллифлар мазкур муаммолар давлат раҳбарияти даражасида назоратга олинишини сўраган.