ФАРҒОНА ВИЛОЯТИДА МАЖЛИСБОЗЛИК АВЖИДА
Фарғона вилоятида ҳар куни соат 6:15 да ўтказилаётган Zoom-йиғилишлар ходимларни тун яримгача ишлатиб, эрталаб бошдан мажлисга чақирмоқда. Сектор раҳбарлари Президент ва вилоят ҳокимидан самарасиз мажлисбозликка чек қўйишни сўрашяпти.
Фарғона вилоятидаги сектор раҳбарлари ҳокимликда мажлисбозлик авж олганидан шикрятчи. Вилоятда ҳар куни тонгги соат 6:15 да ўтказиладиган йиғилишлар ходимларнинг иш фаолияти ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатяпти.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров раислигида ҳар куни Zoom платформасида йиғилиш ўтказилади. Унда барча сектор раҳбарлари ва тегишли ўринбосарларнинг иштирок этиши мажбури. Айрим ходимлар йиғилишга улгуриш учун эрталаб соат 5:00 да йўлга чиқишга мажбур. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти ишдан кечаси соат 23:00–00:00 ларда қайтади.
«Кечаси соат 11–12 гача ишлаган ходим эрталаб соат 5:00 да йўлга чиқиб, 6:15 даги йиғилишда қатнашса, унинг аҳволи қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас», дейилади мурожаатда.
Ҳар куни ўтказиладиган йиғилишларда кўпинча бир хил масалалар такрорланади ва бу иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Сектор раҳбарлари Президентдан вазиятга эътибор қаратишни, вилоятдаги асоссиз ва самарасиз йиғилишларга чек қўйилишини сўрашяпти.
Кўп гап — эшакка юк. Ҳокимдан мантиқсиз мажлисларни қисқартириб, бирор кимнинг сурункали депрессияси ёки суиқасдига сабаб бўлмасликни сўраймиз. Муҳтарам ҳоким, ишлагандек кўринманг, ишланг!
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг