Фарғона вилоятида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир инсон ҳалок бўлганига қарамай, ҳайдовчи озодликдан маҳрум қилинмади.

Суд ҳужжатларига кўра, “Ўзмиллийбанк” АЖ Фарғона вилояти бошқармаси бош мутахассиси И.И.А. Қўштепа тумани ҳудудидан ўтган “Фарғона–Марғилон–Олтиариқ–Риштон” йўлида “Матиз” мошинасини ҳайдаб кета туриб йўл четида тўхтаб турган “Исузу” автобусига урилган. Бир зарба етмаганидек, автобусдан тушаётган ҳайдовчи Аҳмаджон Аҳмедов уриб юборилган.

Суд-тиббий экспертизаси марҳум танасида ҳаёт учун ўта хавфли бўлган оғир жароҳатлар аниқланганини кўрсатган. Хулосага кўра, бош миянинг мажақланиши, кўп сонли суяк синишлари, ички аъзоларнинг ёрилиши ва бошқа оғир шикастлар туфайли жабрланувчи воқеа жойида ўлган.

Суд қотил шўпирга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинламади. Ким йўлга одам ўлдираман деб чиқади? 

Меҳрибон суд атайлаб қилмаган дея унга нисбатан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан шуғулланиш жазосини тайинлади.