Эрон, АҚШ ва воситачи сифатида иштирок этаётган Покистон қарийб уч ой давом этган урушни якунлаш бўйича музокараларда муҳим силжиш кузатилганини маълум қилди.

Шанба куни Эрон расмийлари асосий эътибор урушни тўхтатишга қаратилган англашув меморандумини якуний шаклга келтиришга қаратилганини билдирди. Бу баёнот Покистон армияси қўмондони Осим Мунирнинг Теҳрондаги юқори даражадаги учрашувларидан кейин янгради.

Покистон армияси музокаралар натижасида якуний келишув сари “руҳлантирувчи” ютуқларга эришилганини маълум қилди. Суҳбат жараёнига яқин бўлган икки покистонлик манбага кўра, муҳокама қилинаётган келишув “урушни тугатишга қаратилган кенг қамровли ҳужжат” ҳисобланади.

Reuters манбалари билдиришича, таклиф этилаётган режа уч босқичдан иборат. Аввало, уруш расман якунланади. Кейин Ҳурмуз бўғозидаги инқирозни ҳал қилиш чоралари кўрилади. Шундан сўнг кенгроқ сиёсий келишув бўйича 30 кунлик музокаралар бошланади ва бу муддат узайтирилиши мумкин.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса Эрон бўйича сўнгги келишув лойиҳасини маслаҳатчилари билан муҳокама қилишини ва якшанба куни Эронга қарши ҳужумларни қайта бошлаш масаласида қарор қабул қилиши мумкинлигини билдирди.

Axios нашри келтирган интервьюда Трамп кескин баёнот берган:

“Ё яхши келишувга эришамиз, ёки уларни мингта дўзахга юбораман.”

Покистонлик манбалардан бири АҚШ меморандумни қабул қилишига ҳеч қандай кафолат йўқлигини таъкидлади. Агар Вашингтон ва Теҳрон келишувга эришса, Қурбон байрамидан кейин қўшимча музокаралар бошланиши мумкин.