Эрон Ташқи ишлар вазирининг ҳуқуқий ва халқаро масалалар бўйича ўринбосари Козим Ғарибободий Вашингтон томонидан давом этаётган сиёсий ва ҳарбий босимлар фонида кескин баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, Эрон ҳар қандай ташқи таҳдидга қарши бирлашган ҳолда жавоб беришга тўлиқ тайёр.

Сешанба куни юқори лавозимли эронлик дипломат X ижтимоий тармоғида эълон қилган постида АҚШ маъмуриятининг сиёсий риторикасини танқид қилди.

«АҚШ Эронга қарши ҳужумларни музокаралар учун имконият яратиш мақсадида вақтинча тўхтатганини айтмоқда. Бироқ айни пайтда улар исталган вақтда кенг кўламли зарба беришга тайёр эканини ҳам очиқ баён қилмоқда», — деб ёзди Ғарибободий.

Эрон ТИВ раҳбари ўринбосари бундай ёндашувни «очиқ иккиюзламачилик» деб баҳолади.

«Бу фақат бир нарсани англатади — тўғридан-тўғри ҳарбий таҳдидни “тинчликка эришиш имконияти” сифатида кўрсатиш», — деди у.

Ғарибободийнинг таъкидлашича, Оқ уй томонидан олиб борилаётган босим ва шантаж сиёсати АҚШ кутган натижани бермайди, чунки Эрон ҳар қандай сценарийга тайёр.

«Эрон ягона ва бўлинмас давлат сифатида ҳар қандай ҳарбий тажовузга қарши қатъий ва муросасиз туришга тайёр. Биз учун “таслим бўлиш” деган тушунча мутлақо мавжуд эмас. Бу йўлда ё ғалаба қиламиз, ё шаҳидликка эришамиз», — деди дипломат.

Мазкур баёнот минтақа хавфсизлиги ва Эрон-АҚШ муносабатлари атрофидаги таранглик сақланиб қолаётган бир пайтда янгради.