ИНҚИЛОБ ҚЎРИҚЧИЛАРИГА АЛОҚАДОР ШАХСЛАР ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИГА КИРИТИЛМАЙДИ
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Эроннинг жаҳон чемпионати делегацияси таркибига Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига алоқадор шахслар киритилишига йўл қўйилмаслигини билдирди. Футболчилар ва спорт ходимлари визоларини олиши кутилмоқда.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Вашингтон футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этадиган Эрон делегацияси таркибига Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига алоқадор шахсларнинг киритилишига йўл қўймаслигини билдирди.
Рубио бу ҳақда АҚШ Конгресси Вакиллар палатасидаги қўмита эшитувида қонун чиқарувчиларга маълум қилди. Унинг айтишича, АҚШ Эрон миллий терма жамоаси футболчилари ва уларга ёрдам берувчи спорт ходимларининг мамлакатга киришига қарши эмас.
“Бизда Эрон футбол жамоаси ва унинг қўллаб-қувватловчи ходимлари мамлакатга кириши билан боғлиқ муаммо йўқ. Аммо улар делегация таркибига спортга алоқаси йўқ, Ислом инқилоби корпуси ёки шу каби тузилмалар билан боғлиқ бўлган шахсларни киритишига йўл қўймаймиз. Буни жуда диққат билан кузатамиз”, деди Рубио.
Эрон терма жамоаси турнир доирасида АҚШда ўйинлар ўтказади, аммо мусобақа давомида Мексикада жойлашади. Жамоа яқинда жаҳон чемпионати олдидан ўтказиладиган тайёргарлик йиғинини АҚШдан Мексикага кўчиргани хабар қилинди.
Эрон футбол федерацияси вакили Амир Меҳди Алавийнинг сўзларига кўра, терма жамоа футболчилари учун Мексикага сафар визалари сешанба куни кечқурун ёки чоршанба эрталаб берилиши кутилмоқда.
“Эрон миллий жамоаси футболчилари учун визалар бугун кечқурун ёки эртага эрталаб берилишини кутяпмиз”, деди у Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига.
Виза масаласи Эрон терма жамоаси учун 2026 йилги FIFA жаҳон чемпионати олдидан асосий ташвишлардан бирига айланган. Мусобақа 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.
Эрон терма жамоаси футболчилари ўтган ҳафта Туркиянинг Анталия шаҳридаги тайёргарлик йиғинидан Анқарага бориб, АҚШ визалари учун Америка элчихонасига мурожаат қилган. Жамоа 19 майдан бери Анталияда йиғин ўтказмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг