ENTER ENGINEERING КОМПАНИЯСИДА ҲАМОН ОЙЛИК МОЖАРОСИ
Enter Engineering компаниясининг АГМК МОФ-3 лойиҳасида ишлаётган муҳандис ва техник ходимлари ойлик маошлар доимий кечикиши, нотўғри ҳисоб-китоблар ва меҳнат қонунчилигига зид қарорлардан норози. Хорижлик мутахассислар ўз вақтида маош олар экан, маҳаллийлар ойлаб маош кутмоқда.
Арча – қишин-ёзин ям-яшил дарахт. Enter Engineering эса қишин-ёзин, йилда ўн икки ой ходимларидан қарздор юрадиган ваъдабоз компания. Компанининг АГМКга қарашли МОФ-3 лойиҳасида ишлаётган бир гуруҳ муҳандис-техник ходимлар ойлик маошлар мунтазам кечикиб тўланаётгани ва иш ҳақи ҳисоб-китобларида хатоларга йўл қўйилаётганидан шикоят қилмоқда.
Ходимлар сўзларига кўра, дастлаб маошлар ҳар 30–33 кунда тўлаб келинган. Бироқ кейинги ойларда кечикишлар яна бошланди. Охирги марта иш ҳақи 22 май куни тўланган бўлиб, у ҳам март ойи учун ҳисобланган маош эди. Шу боис июль ойи бошланганига қарамай, ходимлар ҳали ҳам кейинги ойлар учун иш ҳақини олмаганини билдирмоқда.
Ойликларнинг кечикиши туфайли кўплаб ходимлар кредит тўловларини ўз вақтида амалга ошира олмаяпти. Банклар ва микромолия ташкилотларидан доимий қўнғироқлар ходимларни «бурчакка тиқяпти», қора қозон насияга қайнаяпти.
Ходимлар бухгалтерия томонидан иш ҳақи нотўғри ҳисобланаётгани, айрим ҳолларда тўлиқ маош олиш имкони бўлмаётганини ҳам иддао қилишмоқда. Компаниянинг айрим қарорлари меҳнат қонунчилиги талабларига мос келмайди, дам олиш ва байрам кунларида ишлаш бўйича топшириқларнинг адоғи йўқ.
Хорижлик мутахассисларга иш ҳақи ўз вақтида тўланади, бироқ компания маҳаллий ходимларнинг маошини ойлаб кечиктиряпти. Нимаям дердик? Анъанага мувофиқ, Enter Engineering раҳбарияти навбатдаги ишчилар қўзғолонини кутяпти афтидан.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг