ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ ЯНА ХАЛҚҚА “ТАРБИЯ СОАТИ” ЎТМОҚДА
Энергетика вазирлиги тарифлар ошишини аҳолининг кундузи чироқ ўчирмаслиги билан изоҳламоқда. Муаллиф эса энергия танқислиги, эскирган инфратузилма ва ҳисобдорликнинг йўқлиги ҳақида сўз юритади.
Энди электр ва газ тарифлари оширилиши сабаби энергия танқислиги, эскирган инфратузилма ёки нотўғри бошқарув эмас, балки одамларнинг кундузи чироқни ўчирмай қўйиши эмиш.
Гўё Ўзбекистоннинг энергетика муаммолари миллионлаб одамларнинг битта лампочкани ёқиб қўйганидан келиб чиққан.
Аслида эса йиллар давомида газ қазиб чиқариш қисқариб борди, тармоқлар эскирди, коррупция ҳақидаги саволлар очиқ қолди, миллиардлаб долларлик энергетика лойиҳаларининг самараси ҳақида эса жамоатчиликка тўлиқ ҳисоб берилмади. Шу билан бир вақтда тарифлар мунтазам оширилмоқда.
Энг қизиғи, мантиқ ҳам ўзгариб кетган: Аввал тарифлар оширилса, истеъмол камаяди, деб тушунтиришарди. Ҳатто ўтган йил Энергетика вазирлиги тарифлар ошганидан кейин электр ва газ сарфи камайганини “муваффақият” сифатида кўрсатган эди.
Энди эса тарифлар истеъмолни чеклаш учун эмас, “оқилона фойдаланиш” учун дейилмоқда.
Яъни нарх ошади, одам камроқ ишлатади, лекин бу истеъмолни камайтириш ҳисобланмайди. Янги иқтисодий математика.
Энергетика соҳасини модернизация қилиш керакми? Албатта керак.
Лекин модернизациянинг асосий манбаи аҳоли чўнтаги бўлиб қолаётгани, самарадорлик ва ҳисобдорлик ҳақида эса деярли гапирилмаётгани муаммо.
Чунки одамлар чироқни бекорга ёқиб қўйгани учун эмас, давлат ўн йиллар давомида ҳал қила олмаган муаммолар учун тўламоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг