Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида яшовчи фуқаро уй-жойини расмийлаштириш учун бир неча йилдан бери сарсон бўлаётганини, давлат кадастр идораси ва хусусий компания ўртасида манфаатлар тўқнашуви бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Фуқаронинг сўзларига кўра, у 2018 йилда аукцион савдоси орқали 6 сотих ер майдонини қонуний тарзда сотиб олган. Шу йилнинг ўзида туман ҳокимининг 699/8-сонли қарори ҳам чиққан. Аммо шундан бери уй-жойини ҳужжатлаштириш учун давлат хизматлари маркази орқали 3-4 марта ариза топширганига қарамай, масала ҳал бўлмаган.

Унинг айтишича, Элликқалъа туман кадастр бўлими ҳар сафар турли баҳоналар билан ҳужжатларни қайтарган.

«Кадастрга борсам, ҳокимиятга бориб картага печат босдириб кел, дейишади. Уни ҳам тасдиқлатиб келсам, яна рад беришади. Ҳужжати йўқ қўшним эса пул бериб, 769/9-сонли қарор билан ҳужжат олди. Менга ҳам “пулини берсанг, битириб бераман”, деб таклиф қилишди», дейди мурожаат муаллифи.

Фуқаро нега қонуний ҳужжатлари бўла туриб, яна қўшимча маблағ тўлаши кераклигини тушунмаётганини айтмоқда.

Мурожаатда яна бир қизиқ ҳолат тилга олинган. Айтилишича, кадастр бўлими раҳбарияти вакиллари унга «тезроқ битириш» учун хусусий кадастр ташкилотига мурожаат қилишни тавсия қилган.

Гап “Universal Kadastr Loyiha Xizmati” номли хусусий компания ҳақида кетмоқда. Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, мазкур МЧЖ 2024 йил 1 июль куни давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Ибрагимов Хурсанд Халмуратович ҳисобланади. Компаниянинг устав фонди 10 миллиард сўм этиб кўрсатилган.

Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, ушбу хусусий компанияда аввал давлат кадастрида ишлаган Ойбек, Ильяс ва Элёр исмли шахслар фаолият юритади. Улар фуқарога «кадастр рақами очиш учун Нукусга пул бериш керак, рўйхатдан ўтказиш учун ҳам пул бериш керак, акс ҳолда ишингиз битмайди», деган.

Фуқаро, шунингдек, мазкур хусусий компания туман кадастр бўлими раҳбар ўринбосарларидан бирига алоқадор эканини иддао қилмоқда. Агар бу маълумотлар тасдиғини топса, давлат идораси фуқароларни атайлаб овора қилиб, кейин хусусий тузилмага йўналтираётгани ҳақидаги шубҳалар янада кучаяди.

Мурожаат муаллифи қонуний ҳужжатлари бор бўлишига қарамай, иши йиллар давомида ҳал бўлмагани, ҳужжати бўлмаган бошқа шахслар эса пул эвазига ҳужжат олаётганини айтмоқда.

Бу ҳолат бир нечта жиддий саволларни кун тартибига чиқаради: Элликқалъа туман кадастр бўлими фуқароларни атайлаб сарсон қилаяптими? Давлат идораси билан хусусий кадастр ташкилоти ўртасида яширин манфаатлар боғлиқлиги борми? Нега қонуний ҳужжатга эга фуқаро йиллаб овора, ҳужжатсизлар эса пул эвазига ҳужжат олаётгани айтилмоқда? «Нукусга пул бериш керак» деган гаплар ортида қандай тизим турибди?

Ҳозирча ушбу иддаолар юзасидан Элликқалъа туман кадастр бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Кадастр агентлиги ёки “Universal Kadastr Loyiha Xizmati” МЧЖ расмий муносабат билдирмади.

Мурожаат муаллифи ваколатли идоралардан ҳолат юзасидан текширув ўтказишни, давлат идораси ва хусусий ташкилот ўртасидаги эҳтимолий алоқаларни ўрганишни ҳамда фуқароларни қонуний ҳужжат олиш учун пора беришга мажбур қилаётган шахсларга ҳуқуқий баҳо беришни сўрамоқда.