ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ БЎЙИЧА ҚАНДАЙ МЕЪЁРЛАР БОР?
Ўзбекистонда электр энергиясига талаб ошиб бораётган бир пайтда, эски инфратузилма, модернизация сустлиги ва муҳофаза зоналарига риоя қилинмаслиги узилишлар ва хавфсизлик хатарларини кучайтирмоқда. Давлат ва энергокорхоналар мажбуриятлари қай даражада бажариляпти?
Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб йил сайин ошиб бормоқда. Янги уйлар, саноат корхоналари ва электр жиҳозлари сони кўпайиши тармоқларга тушадиган юкламани кескин кўтарган. Бироқ инфратузилманинг катта қисми ўтган асрда қурилган бўлиб, унинг модернизацияси талаб даражасида эмас.
Трансформаторлар, электр шитлари ва ҳаво линиялари тўлиқ янгиланмасдан, қайта-қайта таъмирлаш орқали эксплуатация қилинади.
Бу ҳолат молиявий ва техник имкониятлар йўқлиги билан оқланади. Янги трансформатор ёки бутун электр тармоғини алмаштириш катта сармоя талаб қилади. Лекин аҳоли ҳам чакана тўлов қилмаяпти, тарифлар йилига икки марталаб ҳам ошади. Даромадни моддий техник базани янгилашга ҳам сарфлаш керак ахир.
Муддати ўтган, юкламаси ортиб кетган ускуналарнинг узоқ вақт эксплуатация қилиниши авариялар, кучланишнинг пасайиши ва электр таъминотида узилишларга сабаб бўлаётганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.
Чекка ҳудудларда эски ёғоч таянчлар ҳали ҳам учрайди. Намлик, чириш, ҳашаротлар таъсири ёки табиий эскириш натижасида бундай таянчлар мустаҳкамлигини йўқотган. Симларнинг осилиб қолиши, изоляторларнинг шикастланиши ва коррозия хавфсизликка жиддий таҳдид солади. Масъуллар ва ҳудудий мулозимлар сохта пиарни бир четга суриб қачон реал муаммолар билан шуғулланишади?
Юқори кучланишли электр узатиш линиялари яқинида аҳоли яшаши ҳам бизда оддий ҳол. Айрим маҳаллаларда уйлар электр линияларига жуда яқин қурилган. Бунинг сабаби баъзан эски қишлоқлар кейинчалик кенгайгани бўлса, бошқа ҳолларда муҳофаза зоналарига риоя қилинмаган ҳолда қурилишлар амалга оширилган. Амалдаги қонунчилик юқори кучланишли электр тармоқлари атрофида муҳофаза зоналарини белгилайди ва бу ҳудудларда қурилишни чеклайди. Бу чекловлар, аввало, электр токи уриши ва техник авариялар хавфини камайтиришга қаратилган.
Электр таъминоти борасида давлатнинг асосий мажбуриятлари электр хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани модернизация қилиш, муҳофаза зоналарини сақлаш ва аҳоли саломатлиги ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш экани қонунчиликда қатъиян белгиланган. Фуқаролар лимит ҳисобласа-да, тўловларни ўз вақтида бажаришяпти. Ҳарқалай, умумий картина шундай. Лекин энергокорхоналар ва давлат мажбуриятлари тўлиқ ўталяптими? Масала шунда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг