Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига мувофиқ давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият эркинлигини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 1-моддасида фуқаролик қонун ҳужжатлари ўзи тартибга соладиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга асосланиши белгилаб қўйилган.

Бундан чиқадиган қоида шуки, шартнома томонлари шартнома шартларни бажаришда ҳам, бажармаганда жавобгар бўлишда тенг бўлишлари керак. Эндиликда юқоридаги тамойил ишламаётган яна бир шартномавий муносабат мазкур қоида бўйича тартибга солинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 22 сентябрдаги ПФ-202-сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5059-сонли Фармонининг 8-бандидан бешинчи хатбоши чиқариб ташланди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 23-банди ўз кучини йўқотди.

Эндиликда электр ва газ истеъмолчилари қарздорлик сабаб тармоқдан узилганда қайта уланиш учун тўлов ундирилмайди.

Олдин электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи – жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида, истеъмолчи – юридик шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилар эди.

Аксинча, электр ёки газ етказиб берувчи уни етказиб бермаган ҳоллар учун бундай жавобгарлик мавжуд эмас эди. Ҳаммаси адолатли бўлди, жойига тушди.

Яна бир янгилик, Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар белгиланган муддатларда бартараф этилмагани учун истеъмолчиларга компенсация тўлаш механизми жорий этилади. Бу бўйича 2026 йил декабрга қадар тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров