EL MUNDO: РОССИЯ КАСПАРОВНИ АҚШДА ЎЛДИРИШ РЕЖАСИНИ ТАЙЁРЛАГАН
El Mundo нашрининг маълум қилишича, Россия махсус хизматларига боғланган «Red RIS» тармоғи Гарри Каспаров, Илья Пономарёв ва яна бир қатор мухолифатчилarga қарши АҚШ ва Европада суиқасдлар режасини ишлаб чиққан, аммо операциялар ижрочилар қаршилиги ортидан тўхтаб қолган.
Россия махсус хизматларига алоқадор тармоқ шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони ва Кремль мухолифи Гарри Каспаров ҳамда Россия Давлат думасининг собиқ депутати Илья Пономарёвни АҚШ ҳудудида ўлдиришни режалаштирган. Бу ҳақда испаниялик журналист Хавьер Колас El Mundo нашрида ёзди.
Коласнинг Каспаров атрофидаги манбаларига таяниб ёзишича, шу йил ёзида АҚШ расмийлари Каспаровга у Кремль билан боғлиқ суиқасд режасининг «нишони» эканини билдирган. 2013 йилда Нью-Йоркка кўчиб келганидан бери биринчи марта унга махсус қўриқлаш хизмати ажратилган.
Пономарёвга қарши режа янада илгарилаб кетгани айтилмоқда. Қрим аннексиясига қарши овоз берган собиқ депутатни ўлдириш учун 40 минг доллар, унинг Вашингтондаги манзилларини аниқлаб, тасвирга олиш учун эса 1000–1500 доллар ваъда қилинган.
Гуруҳ ички ёзишмаларида кузатув «участкани ўлчаш», қотиллик эса «қурилиш» деб кодланган. Аммо эҳтимолий ижрочи кузатув камераларига тушиб қолгач, операцияни давом эттиришдан бош тортган.
АҚШ прокуратураси беш нафар гумонланувчига қарши ишни 15 сентябрда ошкор қилган. Бироқ расмий айбловда эҳтимолий қурбонларнинг исмлари очиқланмаган. El Mundo маълумотига кўра, ҳужжатларда «Қурбон №1» сифатида қайд этилган шахс Илья Пономарёв бўлиши мумкин.
Шу боис Каспаров ва Пономарёвнинг айнан суиқасд нишонлари бўлгани ҳозирча расман тасдиқланган эмас ва El Mundo келтирган аноним манбалар маълумотига асосланади.
АҚШ прокуратураси версиясига кўра, операцияларда истеъфодаги разведка полковниги Юрий Храмеев, унинг ўғли Кирилл, ФСБ офицери, шунингдек кубалик ва венесуэлалик шахслар иштирок этган. Айбланувчилар Россияда экани айтилмоқда.
Кубалик Яидель Дельгадо Суарес ва венесуэлалик Анхель Эдуардо Кастро АҚШда операцияларни амалга ошириш учун одам ёллаш билан шуғулланган. Ёлланган шахслардан камида бири қотилликда иштирок этишдан бош тортган.
Колас эҳтимолий нишонлар қаторида Россия мухолифатчиси Владимир Кара-Мурзани ҳам тилга олади. Кара-Мурза аввал икки марта заҳарланганини айтган.
Яна бир суиқасд операцияси Литва пойтахти Вильнюсда режалаштирилган. Бир мухолифатчининг манзилини суратга олиш учун қарийб 200 доллар, уни ўлдириш учун эса 25 минг доллар таклиф қилингани айтилмоқда.
2024 йилдан бери Гарри Каспаров билан Free Russia Forum’га асос солган Иван Тютрин ҳам эҳтимолий нишонлардан бири бўлган. Аммо иш материалларидан Вильнюсдаги қотиллик режаси айнан унга қаратилгани аниқ эмас. Мақолада бошқирд фаоли Руслан Габбасов ҳам эҳтимолий нишон сифатида тилга олинади.
El Mundo бу режаларни Россия махсус хизматлари билан боғлиқ деб кўрсатилаётган «Red RIS» тармоғи билан боғлайди. Нашрга кўра, тармоқ 2024 йилдан бери асосан Европада фаолият юритиб, операциялар учун маҳаллий ижрочиларни жалб қилиб келган.
Коласнинг таъкидлашича, СССР давридан бери Москва ва Вашингтон бир-бирининг ҳудудида бундай операциялар ўтказишдан асосан тийилиб келган. Путин даврида Россия махсус хизматларига боғланган энг шов-шувли операциялар асосан Европада — Сергей Скрипалнинг 2018 йилда заҳарланиши, 2019 йилда Берлинда содир этилган қотиллик ва 2024 йилда Испанияда Россиядан қочган ҳарбий учувчи Максим Кузьминовнинг ўлдирилиши каби ҳолатларда кузатилган.
АҚШ айбловида Куба давлатининг бу операцияларга алоқадорлиги ҳақида даъво йўқ. Куба ҳукумати ҳам ҳар қандай алоқадорликни рад этган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг