ТАБИАТГА ЗИЁН ЕТКАЗГАНЛАРГА ЖАЗО КУЧАЙТИРИЛАД
Сенаторлар экология ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришни қўллаб-қувватлади. Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи очиқ ёқишларга нисбатан янги жарималар жорий этилиши кутилмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Элтузарга маълум қилинишича, навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар ўзгаришларни қўллаб-қувватлашди. Ҳозир экологик ҳуқуқбузарликлар учун жарималарнинг камлиги уларнинг профилактик таъсирини пасайтирмоқда.
Сенаторлар қайд этишича, мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилаётган маъмурий жарималар корхоналарга сезиларли молиявий таъсир кўрсатмаяпти ва бу ҳолат мулкдорлар орасида “жазодан қочиб қутулиш” мумкин деган янглиш фикрни шакллантирди.
“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунни экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни белгиловчи янги боб билан тўлдириш режалаштириляпти.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддасига (атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) қўшимчалар киритилиб, ёқилғи сифатида ишлатилмайдиган моддалар, материаллар ва чиқиндиларни махсус мўлжалланмаган жойларда очиқ ёқиш, шунингдек иссиқхоналар, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иншоотларда шина, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ҳамда шунга ўхшаш таркибга эга чиқиндиларни ёқиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 120 дан ортиқ дарахт ноқонуний кесилгани ва табиатга етказилган зарар бир миллиард сўмдан ошгани ҳақида хабар берилганди.
Махсустранс ўз вақтида келмагани сабаб ҳовлида чиқинди ёқадиганлар додини кимга айтсин?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг