Элтузарга “Экофаол фуқаро” платформаси фаолияти юзасидан мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифи Президент қарори билан қайта йўлга қўйилиши белгиланган тизим орадан уч ойдан зиёд вақт ўтганига қарамай тўлақонли ишламаётганини айтиб, масъул идоралардан очиқ ва расмий изоҳ талаб қилмоқда.

“Нима учундир белгиланган муддатдан уч ой ўтиб кетди ҳамки, бу платформа сифатсиз, эътиборсиз ва назардан четда қолиб кетяпти. Ишлагани йўқ. Ҳурматли масъул ташкилот ижрочиларидан ушбу илова бўйича тиниқ, расмий жавоб беришларини сўраймиз”, дейилади Элтузарга йўлланган мурожаатда.

Очиқ манбаларни ўрганиш мурожаатда кўтарилган саволлар бундан аввал ҳам жамоатчилик томонидан берилганини кўрсатади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 25 мартдаги ПҚ–110-сон қарорида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида 2026 йил 1 майдан “10 минг қадам пиёда” тажрибасини қайта тиклаш ва “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Бу вазифани амалга оширишда Рақамли технологиялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги иштирок этиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда яна бир муҳим рақам бор: ушбу платформа учун ҳар йили 10 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш белгиланган. ПҚ–110 ижросини самарали ташкил қилиш учун шахсан масъул этиб Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов белгиланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 апрелдаги 195-сон қарори билан “Экофаол фуқаро” мақомини бериш механизми ҳам тасдиқланган. Ҳужжатда танловлар Экология қўмитасининг ekofaolfuqaro.uz махсус платформасида ўтказилиши аниқ кўрсатилган.

Қарорга кўра, фуқаролар платформада рўйхатдан ўтиб, белгиланган экологик мезонлар бўйича маълумотларни киритиши керак. Тизим тўпланган балларни автоматик равишда ҳисоблаши, натижалар эса якуний баллар аниқланганидан кейин бир иш куни ичида платформада эълон қилиниши лозим. Уч ой давомида ҳар ой камида 80 балл, жами 240 ва ундан юқори балл тўплаган иштирокчилар “Экофаол фуқаро” мақоми учун даъвогар бўлади. Ҳар чоракда ҳар бир ҳудуддан энг юқори натижа кўрсатган 50 нафар иштирокчи танланиши белгиланган.

Демак, платформа оддий қадам санагич эмас. У давлат қарори билан белгиланган танлов ва рағбатлантириш тизимининг асосий электрон инфратузилмаси бўлиши керак.

Аммо муаммолар платформа ишга туширилганидан кўп ўтмай бошланган.

2026 йил 23 май куни, яъни белгиланган старт санасидан атиги уч ҳафта ўтиб, Экология қўмитаси ekofaolfuqaro.uz ишламаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган шикоятларга расман муносабат билдирган. Қўмита ўша пайтда платформа фаолиятини такомиллаштириш ва носозликларни бартараф этиш мақсадида техник ишлар олиб борилаётганини маълум қилган.

Қўмита ўшанда техник ишлар тугагач қўшимча маълумот берилишини айтган.

Бироқ Элтузарга 19 август куни келиб тушган мурожаатдан кўринишича, фойдаланувчилар орасида тизимнинг ишлаши бўйича саволлар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Бу ҳолатда бир нечта оддий, аммо принципиал савол пайдо бўлади.

Президент қарорида 1 майдан ишга туширилиши белгиланган тизим нега ҳали ҳам фойдаланувчиларда шикоят уйғотмоқда?

23 май куни эълон қилинган “техник ишлар” қачон якунланди ёки қачон якунланади?

Платформа ҳозир тўлиқ ишлаяптими? Агар ишласа, унда қанча фуқаро рўйхатдан ўтган, қанча иштирокчининг қадамлари ва экологик фаолияти ҳисобга олинган?

2026 йилнинг ўтган чораклари бўйича “Экофаол фуқаро” мақоми учун танловлар ўтказилдими ва ғолиблар аниқландими?

Энг муҳими, платформа учун ҳар йили ажратилиши белгиланган 10 миллиард сўм маблағнинг қанча қисми ўзлаштирилди ва у айнан нималарга сарфланди?

Масала фақат бир мобил илованинг “қотиб қолиши” ёки техник хатоси ҳақида эмас. Бу ерда Президент қарори билан белгиланган, давлат маблағи ажратиладиган ва миллионлаб фуқаролар иштирок этиши кўзда тутилган давлат лойиҳасининг амалда қандай ишлаётгани ҳақида гап кетмоқда.

Қолаверса, “Экофаол фуқаро” механизми анча олдин режалаштирилган. Президентнинг 2025 йил 30 январдаги ПФ–16-сон фармонида “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати доирасида шундай платформа ташкил этиш, экологик турмуш тарзига амал қилган фуқароларга имтиёзлар бериш назарда тутилган эди. 2026 йил апрелида қабул қилинган ҳукумат қарори эса махсус ekofaolfuqaro.uz платформасини танловнинг расмий майдони сифатида белгилаб берди.

Шу боис Элтузар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва бошқа масъул идоралардан мазкур масала бўйича аниқ маълумот кутади.