Тошкентда экофаол Арсен Аванесян Бош прокуратурага ўзи ва оиласининг хавфсизлигини таъминлашни сўраб ариза топшириш учун борганида, идорага кираверишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.

Элтузарга етиб келган мурожаатга кўра, воқеа 7 октябр тушлик пайти юз берган. Аванесян дўсти билан Бош прокуратурага йўл олган. У Яшнобод тумани ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларидан шикоят қилиб, ўзи ва оиласи учун ҳимоя сўрамоқчи бўлган.

Мурожаат муаллифлари йўл давомида уларнинг автомобилини икки машина кузатиб борганини даъво қилмоқда. Уларнинг айтишича, Аванесян Бош прокуратура биносига етиб келган, бироқ аризасини топширишга улгурмасдан кириш жойида ушланган.

Хабарда экофаол Яшнобод туманидаги 2-сонли ички ишлар бўлимига олиб борилгани айтилган. Мурожаат тарқатилган пайтда унинг яқинларига ушлаш сабаби ва қандай айблов қўйилгани маълум қилинмаган. Адвокат эса унинг ҳузурига йўл олган.

Мурожаат муаллифлари Аванесян очиқ блог юритгани, «Яшил макон» дастурини қўллаб-қувватлагани ва маҳалла аҳли билан бирга боғ барпо этишда қатнашганини таъкидлаган.

Улар Бош прокурор ва ички ишлар вазиридан воқеани шахсий назоратга олишни, ушлаш асосларини очиқлашни ҳамда адвокатнинг экофаол билан учрашишини таъминлашни сўраган. Шунингдек, Аванесян нима учун айнан ўзи шикоят қилмоқчи бўлган туман ички ишлар бўлинмасига олиб борилганига изоҳ талаб қилинган.

Тақдим этилган маълумотда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий изоҳи келтирилмаган. Ушлаш ҳолати, унинг асослари ва кузатув ҳақидаги даъволар мустақил тасдиқлангани тўғрисида ҳам маълумот йўқ.