Ўқитувчи ойлиги билан одам ўта бойиб кетмаслиги мумкин, лекин ҳеч қачон очдан ҳам ўлмайди. Мана шундай бироз тахир ҳақиқатни дунёнинг ҳар қандай нуқтасидаги ўқитувчи яхши англайди.

Тўғри, бутун дунё бўйлаб ўқитувчилар ойлиги ҳаминқадар, харажатга нисбатан ўртача ёки ўртамиёнадан паст бўлиши мумкин. Аммо турли мамлакатларда бу касбга нисбатан давлатнинг саҳовати айнан ижтимоий пакетлар билан белгиланади: давлат ҳисобидан тиббий суғурта, хизмат уйи, фарзандлар учун нафақалар, пенсиянинг юқори миқдори, ипотекада имтиёзлар ва соғломлаштириш тўловлари – ўқитувчиларга шундай ижтимоий кўмак бергувчи Сусамбиллар бор.

Масалан, Финляндияда иш берувчи ўқитувчига тиббий кўрик ва даволанишни таъминлаши одатий ҳол бўлса, Германияда давлат хизматчиси мақомидаги ўқитувчилар тиббий суғуртанинг катта қисмини давлат ҳисобидан олади. Германияда таълим ходимлари хизмат стажига қараб охирги иш ҳақининг 71,75 фоизигача пенсия олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, давлат хусусий тиббий суғурта харажатларининг 50–70 фоизини қоплайди. Германияда турмуш ўртоғи ва фарзандлари бор ўқитувчиларга оилавий устамалар ҳам тўланади.

Жанубий Кореяда давлат мактаби ўқитувчилари миллий тиббий суғурта билан таъминланади. Суғурта бадалининг тахминан ярми иш берувчи томонидан тўланади. Бундан ташқари, педагоглар ҳар йили давлат ҳисобидан комплекс тиббий кўрикдан ўтади.

Японияда ҳар бир ўқитувчи мунтазам равишда чуқурлаштирилган тиббий текширув ва стресс диагностикасидан бепул ўтказилади. Шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва таълим муассасалари орқали санаторийлар ҳамда дам олиш масканларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.

Яна Финляндияга қайтамиз. Бу мамлакатда ўқитувчилар иш берувчи ҳисобидан меҳнат тиббиёти хизмати билан таъминланади. Бу хизматлар терапевт қабули, лаборатория таҳлиллари, физиотерапия, психолог маслаҳати ва касб фаолияти билан боғлиқ касалликларни даволашни ўз ичига олади. Даромади паст бўлган педагоглар умумий давлат уй-жой субсидияларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Францияда давлат хизматчиси мақомидаги ўқитувчилар учун хизмат стажига қараб қўшимча пенсиялар ҳамда оилавий қўшимча тўловлар ажратилади.

Канадада ўқитувчилар жамоавий тиббий суғурта пакетлари орқали тиш даволаш, кўзойнак, контакт линзалар ва рецепт бўйича бериладиган дори воситалари харажатларини давдат бюджетидан қоплатиш имкониятига эга. Ўқитувчига кўзойнак ва линзаларгача берадиган мамлакатлар бор, демак. Шу нуқтада бўр ва маркерни ўз ҳамёнидан сотиб оладиган ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг томоғига алланима тиқилди.

Сингапурда ҳам давлат мактаби ўқитувчилари стоматологик хизматлар учун йиллик компенсация, кўзойнак ва контакт линзалари учун махсус тўловлар ҳамда бошқа тиббий имтиёзлардан фойдаланади.

Яқин Шарқ мамлакатларида ҳам педагоглар учун кенг ижтимоий пакетлар жорий этилган. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларида давлат тасарруфидаги ва халқаро мактаблар ўқитувчиларга бепул хизмат уйи ёки уй-жой ижараси учун компенсация, тўлиқ тиббий суғурта ва ҳар йили саёхат авиачиптаси харажатини қоплаб беради. Қатарда ҳам бепул уй-жой, тиббий суғурта, транспорт харажатлари ва йиллик авиачипта каби имтиёзлар тақдим этилади.

Австралиянинг айрим штатларида чекка ва олис ҳудудларга ишлаш учун борган ўқитувчиларга 20 мингдан 70 минг Австралия долларигача бўлган тўловлар берилади.

Қозоғистонда ҳар йили меҳнат таътилига чиқиш вақтида ўқитувчиларга бир ойлик маош миқдорида соғломлаштириш нафақаси тўланади, қишлоқ ҳудудларида ишловчи педагогларнинг коммунал хизматлар ва ёқилғи харажатларининг бир қисми давлат томонидан қопланади. Буюк Британияда ҳам давлат пенсиясидан ташқари, махсус Teachers’ Pension Scheme орқали юқори касбий пенсиялар белгиланади.

Ҳурматли устозлар, Ўзбекистонда ўқитувчилар учун қандай ижтимоий имтиёзлар кафолатланган?