XX аср охирида демократия инсоният сиёсий тараққиётининг муқаррар гарови бўлиб кўринганди. Совет Иттифоқининг парчаланиши, Шарқий Европада коммунистик режимларнинг тугаши, Лотин Америкаси ва Осиёнинг қатор давлатларида демократик ислоҳотларнинг бошланиши дунё тобора эркин сайловлар, сиёсий рақобат ва фуқаролик жамияти томон ҳаракатланади, деган ишончни кучайтирди.

Орадан ўттиз йил ўтиб, ҳозир манзара анча мураккаблашган. Бугун гап демократиянинг жозибадорлиги ва институтларига бўлган ишончнинг бир қатор жамиятларда сусайиши ҳақида кетмоқда. Freedom House маълумотларига кўра, 2025 йил глобал сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари пасайган кетма-кет йигирманчи йил бўлди: 54 мамлакатда вазият ёмонлашган, 35 мамлакатда яхшиланган. Ташкилот ҳисобича, ҳозир дунё аҳолисининг 21 фоизигина “эркин” мамлакатларда яшайди.

International IDEA маълумотлари ҳам ўхшаш жараённи кўрсатади. 2024 йилда мамлакатларнинг 54 фоизида демократиянинг камида битта асосий кўрсаткичи 2019 йилга нисбатан пасайган. Айниқса вакиллик, қонун устуворлиги, суд мустақиллиги ва матбуот эркинлигида салбий ўзгаришлар қайд этиляпти.

ДЕМОКРАТИЯНИНГ НАТИЖАСИЗЛИГИДАН ЧАРЧАШ

Норозилик асосан демократик институтларнинг қандай ишлаётганига қаратилган.

Pew Research Center 2017 йилдан бери мунтазам кузатаётган 12 юқори даромадли мамлакатда 2025 йилга келиб респондентларнинг медиан 64 фоизи демократиянинг амалда ишлашидан норози эканини билдирган. 2017 йилда қониққанлар ва қониқмаганлар улуши тенг — 49 фоиздан эди.

Одам учун демократия фақат ҳар тўрт ёки беш йилда сайлов участкасига боришдан иборат эмас. У иш ҳақи, нарх-наво, уй-жой, хавфсизлик, таълим, тиббиёт, адолатли суд ва фарзандларининг келажагида ҳам намоён бўлиши керак. Агар сайловлар мунтазам ўтказилса-ю, аҳоли ўз турмушида ижобий ўзгариш сезмаса, сиёсий тизимга нисбатан ишонч пасайиши аниқ. Сиёсий эркинлик автоматик равишда иқтисодий фаровонликни кафолатламайди.

“КУЧЛИ ҚЎЛ” НЕГА ЖОЗИБАДОР КЎРИНАДИ?

Демократия табиатан секин тизим. Парламент муҳокама қилади. Мухолифат эътироз билдиради. Суд қарорни бекор қилиши мумкин. Матбуот савол беради. Фуқаролик жамияти босим ўтказади. Турли манфаатлар орасида муроса изланади.

Тинч ва барқарор даврда бу механизмлар ҳокимиятни чеклашнинг афзаллиги бдлиб кўриниши мумкин. Инқироз даврида худди шу хусусиятлар “самарасизлик”ка айланади.

Уруш, терроризм, миграция босими, инфляция, эпидемия ёки иқтисодий таназзул шароитида жамиятнинг бир қисмида:

“Бизга муҳокама эмас, тез қарор керак”

деган талаб кучайиши мумкин.

Шунда марказлашган ҳокимиятнинг асосий сиёсий таклифи жозибадор кўрина бошлайди: мен тартиб ўрнатаман, қарорни тез қабул қиламан ва натижа кўрсатаман.

Бироқ тез қарор қабул қилиш билан самарали қарор қабул қилиш бир тушунча эмас. Ҳокимият устидан назорат механизмлари қисқарганда нотўғри қарорни тўхтатиш ёки тузатиш имконияти ҳам камайиши мумкин. Шу сабаб масаланинг моҳияти “кучли раҳбар яхши ёки ёмонми?” деган саволдан кўра, ҳокимият қанчалик ҳисобдор ва институционал назорат остида? деган саволда кўпроқ намоён бўлади.

ЭНГ КАТТА ИНҚИРОЗ – ВАКИЛЛИК ЙЎҚЛИГИДА

Демократия фақат “ким бошқаради?” деган саволга эмас, “кимнинг манфаати ифодаланади?” деган саволга ҳам жавоб бериши керак.

Кўплаб давлатларда сайловчи ва сиёсий элита ўртасида масофа пайдо бўлмоқда. Фуқаро овоз беради, ҳукумат алмашади, лекин унинг кундалик муаммолари ўзгармай қолаверади. Партияларнинг шиорлари фарқ қилса ҳам, сайловчи баъзан ўзининг реал иқтисодий ва ижтимоий манфаатлари сиёсатда етарлича акс этмаётганини ҳис қилади.

Шундай вазиятда ишонч партиядан парламентга, парламентдан давлат институтларига, охир-оқибат сиёсий тизимнинг ўзига нисбатан сусайиб боряпти.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР ДЕМОКРАТИЯНИ ЎЗГАРТИРДИ

XX аср демократияси газета, радио ва телевидение даврида шаклланган эди. XXI аср демократияси эса алгоритмлар муҳитида яшамоқда.