Дубайда расмий ҳужжатлардаги битта сўз ўзгартирилди. Бу ўзгариш жамиятда оналар меҳнатига бўлган муносабатнинг ўзгараётганини кўрсатади.

Бу йил Оналар куни муносабати билан Дубай валиаҳди шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рошид Ал Мактум Жамоатчиликни ривожлантириш бошқармасига расмий ҳужжатларда “уй бекаси” атамасини “авлод тарбиячиси” ибораси билан алмаштиришни топширди.

Бу ўзгариш Emirates ID карталари, давлат реестрлари, расмий ёзишмалар ва бошқа ҳужжатларга татбиқ этилади. Аввал “уй бекаси” деб кўрсатилган жойларда энди “авлод тарбиячиси” ёзилади.

Шайх Ҳамдан бу қарорни изоҳлар экан, “уй бекаси” ибораси аёлнинг қаерда эканинигина англатишини, “авлод тарбиячиси” эса унинг аслида бажараётган муҳим меҳнатини акс эттиришини таъкидлади.

“Оналар фарзандлар учун биринчи мактабдир. Айнан улар болаларга мансублик ҳисси, масъулият ва кучли миллатларни шакллантирадиган қадриятларни ўргатади. Барча оналаримизга: сиз ҳар қандай эзгуликнинг пойдеворисиз”, деди у.

“Уй бекаси” атамаси йиллар давомида расмий қоғозларда ишлатилиб келинди. Бироқ бу ибора кўпинча аёлнинг меҳнатини эмас, унинг уй билан боғланган ижтимоий мақомини ифодалайди. “Авлод тарбиячиси” эса фарзанд тарбияси, оила қадриятлари ва жамият келажагини шакллантиришдаги улкан масъулиятни тан олади.

Дубайдаги бу қарор рамзий ўзгариш сифатида кўрилмоқда. Аммо рамзлар жамият нимани қадрлашини очиқ айтиш усулидир.

Дубай раҳбарлари бу сафар она меҳнати нафақат оила учун, балки миллат келажаги учун ҳам муҳимдир деган гапни айтди.

Бу тажриба Ўзбекистонда ҳам жорий этилишга арзийди. Чунки мамлакатда оила, она ва фарзанд тарбияси жамиятнинг энг муҳим қадриятларидан бири сифатида эътироф этилади.

Расмий ҳужжатларда оналар меҳнатини фақат “уй бекаси” деган тор таъриф билан эмас, балки авлод тарбиясига ҳисса қўшаётган муҳим ижтимоий вазифа сифатида кўрсатиш жамиятда аёл меҳнатига бўлган ҳурматни янада кучайтириши мумкин.

Бундай ўзгариш ҳуқуқий жиҳатдан катта ислоҳот бўлмаслиги мумкин, аммо маънавий ва ижтимоий маънода муҳим сигнал бўлади.