Элтузарга автомобиль транспортида юк ташиш соҳасида ишловчи тадбиркорлардан навбатдаги мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифи аввалги танқидий чиқишлардан кейин халқаро ташувчиларга «дозвол» бериш тизимида сезиларли ижобий ўзгаришлар бўлганини таъкидламоқда. Бироқ энди ички юк ташиш фаолиятини «хабардор қилиш» тартиби орқали яна назоратга олишга уринишлар бўлаётганидан хавотир билдирилган.

Авваллари халқаро ташувчилар рухсатнома олиш учун берган аризалари уч-тўрт кунлаб кўриб чиқилмас, айрим ҳолларда эса рад этилар эди. Масъуллар буни аризалар кўплиги билан изоҳларди. Бугун эса худди шу аризалар бир неча соат ичида кўриб чиқилиб, электрон рухсатномалар кўпи билан ярим кунда тақдим этилмоқда.

«Сизларга раҳмат. Ўтган йилларда “дозвол” соҳасида эълон қилган қатор постларингиздан сўнг тизимда анча ўзгариш бўлди. Алоҳида Telegram гуруҳи ташкил этилди, ташувчиларнинг кичик муаммолари тез ҳал этилмоқда. Илгари аризалар уч-тўрт кун кўрилмас, кўп ҳолларда рад этиларди. Ваҳоланки, уни икки-уч соатда кўриб чиқиш мумкин экан», – дейилади мурожаатда.

Элтузар аввалги мақолаларида «дозвол» тақсимотидаги инсон омили, қоғоз рухсатномалар, ишлатилган рухсатномаларни тизимдан кеч ўчириш, янги ташувчиларни шахсий кабинетга қўлда киритиш ва айрим давлатлар рухсатномаларини тақсимлашдаги шаффофлик масалаларини бир неча бор кўтарган эди.

Хусусан, оддий ташувчилар фойдаланилган рухсатномани тизимдан ўчириш учун бир ҳафтагача кутиши, «таниш-билиш»и бор корхоналарда эса бу иш тез бажарилиши ҳақида шикоятлар келиб тушган. Янги ташкил этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг кабинетга кириши ҳам Транспорт вазирлиги ходимининг қўлда тасдиқлашига боғлиқ экани айтилган.

Озарбайжон транзит рухсатномаларининг ташувчиларга олдиндан хабар берилмасдан тарқатилгани, Хитой рухсатномалари эса амал қилиш муддати тугашига оз қолган пайтда ажратилгани ҳақида ҳам саволлар кўтарилган. Ташувчилар «дозвол» тизимини тўлиқ автоматлаштириш ва қарор қабул қилиш жараёнидан инсон омилини чиқаришни талаб қилган эди.

Янги мурожаатда қайд этилишича, бу танқидлардан кейин рухсатномаларнинг катта қисми электрон шаклга ўтказилган ва аризаларни кўриб чиқиш тезлашган. Аммо мурожаатчи энди ички юк ташиш бозорида янги маъмурий тўсиқ пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Унинг айтишича, аввал бекор қилинган ички юк ташиш фаолиятини лицензиялаш амалда «хабардор қилиш» тартиби номи остида қайта тикланиши мумкин.

«Агар бунинг вақтида олди олинмаса, яна оддий ҳайдовчилар жабр чекади. Юридик шахс ташкил этиб, жисмоний шахсларнинг транспортларини ижарага оладиган, йўл варақаси ва лицензия сотадиган фирмалар пайдо бўлади. Ҳайдовчилар эса илгаригидек уларни бойитишга хизмат қиладиган тизимга қарам бўлиб қолади», – дейди мурожаат муаллифи.

Амалдаги Давлат хизматлари ягона реестрида автомобиль транспортида юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш лицензияланадиган фаолият сифатида кўрсатилган. Ички – шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишларда юк ташиш эса ушбу лицензия турига киритилмаган. Демак, ички ташувчиларга янги «хабардор қилиш» мажбурияти киритилса, унинг ҳуқуқий асоси, талаблари ва ҳайдовчиларга юклайдиган харажатлари очиқ тушунтирилиши шарт.

Мурожаатда Транспорт вазирлигининг info.mintrans.uz ахборот платформаси ҳануз тикланмагани ҳам эслатилган. Илгари ушбу платформа орқали фойдаланувчилар ташувчилар, лицензиялар ва транспорт воситалари ҳақидаги маълумотларни мустақил текшириши мумкин эди. Айни пайтда лицензия ва рухсатномалар бўйича умумий очиқ реестр license.gov.uz тизимида мавжуд.

Аввалги тартибга кўра ҳам лицензия ва лицензия варақалари ҳақидаги маълумотлар очиқ бўлиши ҳамда ваколатли орган сайтида эълон қилиниши назарда тутилган. Шу боис Транспорт вазирлигининг ўз соҳавий ахборот платформаси нега ишламаётгани ва уни тиклаш режаси бор-йўқлигига расмий изоҳ берилиши лозим.

Мурожаат муаллифи соҳадаги жараёнлар бошида турган амалдорлардан бири сифатида М. Юсупов номини тилга олиб, ички юк ташиш бозори устидан янги назорат ўрнатиш ташаббуслари ортида ҳам у турганини даъво қилмоқда. Бироқ мурожаатда бу даъвони тасдиқловчи ҳужжат ёки бошқа мустақил далил тақдим этилмаган. Шунинг учун мазкур фикрни тасдиқланган факт сифатида қабул қилиб бўлмайди.

Элтузар Транспорт вазирлиги ва мурожаатда номи келтирилган масъулларнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.