Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ш. Долимов фаолиятини холис текшириш сўралмоқда. Элтузарга йўлланган мурожаатда Қўқондаги директорларни қайта-қайта ишдан бўшатиш, фахрий ўқитувчи билан судлашиш ва мактаблардаги давомат муаммоларини яшириш ҳақида даъволар келтирилган.

Мурожаат муаллифига кўра, таълим вазири алмашгач, ижтимоий тармоқларда «Янги вазир Долимовни ишдан бўшата оладими?» деган муҳокамалар бошланган. Муаллиф Долимовни мақтаб ёзилаётган изоҳларнинг ортида унинг қўл остидаги ходимлар турганини иддао қилмоқда.

Бироқ раҳбар фаолиятига баҳо бериш учун мақтовли изоҳлардан кўра, ишдан бўшатиш буйруқлари, суд қарорлари ва мактаблардаги ҳақиқий аҳвол муҳим.

Мурожаатда айтилишича, Қўқондаги 16-мактаб директори Эъзозхон уч марта ишдан олинган. 20-мактаб директори Ойбекнинг ҳам уч марта бўшатилгани ҳақида даъво бор. Муаллиф бу ҳолатларни Долимовнинг мазкур директорлар билан зиддиятига боғламоқда.

Қўқондаги 4-мактаб билан боғлиқ шикоят ҳам жиддий. Мурожаатда таълим соҳасида 40 йил ишлаган фахрий устоз мактабдаги она-бола устидан шикоят ёзганидан кейин ишдан ҳайдалгани айтилмоқда. Муаллиф менежерлик сертификати бўлмаган директорга доимий тайинлов буйруғи берилгани ва устозни ишдан четлатишда ўзаро келишиб ҳаракат қилинганини иддао қилмоқда.

Шикоятга кўра, устоз суд орқали ишга тикланганидан кейин ҳам можаро тугамаган: жамоадан одамлар тўпланиб, унинг иши юзасидан судма-суд юриш давом этмоқда.

Мурожаат муаллифи янги вазир Турдимовдан Фарғона вилояти, хусусан, Қўқон мактабларидаги кадрлар қарорлари ва давомат ҳолатини ҳаққоний текширишни сўрамоқда. Унинг иддаосича, давоматнинг ўзи холис ўрганилса ҳам, яшириб келинаётган муаммолар очилади.

Вазир алмашиши – ҳали тизим ўзгариши дегани эмас. Бу мурожаатга жавоб мақтовли комментарийлар билан эмас, ҳужжатлар ва очиқ текширув натижалари билан берилиши керак.