Оила ва хотин-қизлар қўмитасидаги сўнгги икки тайинлов жамоатчилик эътиборини тортмоқда. 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинланган Дилноза Каттахонова янги лавозимида иш бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ.

Аммо янги раҳбар кадрлар сиёсатида гуруҳбозлик аломатларини кўрсаияпти. Хусусан, 27 август куни Оила ва хотин-қизлар қўмитасида бир вақтнинг ўзида Ёшлар ишлари агентлигининг икки нафар собиқ ходими масъул лавозимларга тайинланди.

Улар:

Атахонов Зоҳиджон Зокиржон ўғли — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси котибияти мудири;
Полвонова Севара Баҳромовна — Қўмитанинг маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари билан ишлаш ва хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи.

Ҳар икки кадр ҳам янги лавозимига тайинлангунига қадар Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппаратида фаолият юритган. Зоҳиджон Атахонов агентликда Таълим, илм-фан, болалар ва хотин-қизлар сиёсатини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи бўлган. Севара Полвонова эса шу бошқармада бош мутахассис сифатида ишлаган. Бир раҳбарнинг аввалги иш жойидаги икки ходими унинг янги раҳбарлик жамоасига деярли бир вақтда ўтмоқда.

Албатта, раҳбарнинг аввал бирга ишлаган, тажрибали ва ишончли деб билган мутахассисларини янги жамоасига жалб қилиши ғайриоддий ҳолат эмас. Масала кадрлар қандай мезон асосида танланаётгани, лавозимларга бошқа муносиб номзодлар кўриб чиқилган-қилинмагани ва тайинловларда профессионаллик ҳамда очиқлик тамойиллари қай даражада таъминланаётганида. Давлат органида ҳар бир юқори лавозимдаги тайинлов фақат бир инсоннинг карьераси бўлиб қолмайди. Бундай тайинловлар бошқарувининг самарадорлигига таъсир қилади.

Хўш, нега айнан Ёшлар ишлари агентлигининг собиқ ходимлари? Уларнинг янги лавозимларга танланишида қандай мезонлар асос бўлган? Бошқа номзодлар ҳам кўриб чиқилганми? Яқин ойларда яна бошқа собиқ ҳамкасблар қўмита тизимига жалб қилинадими?

Бу оддий кадрлар алмашинуви бўлса, унинг мезонларини очиқлаш жамоатчиликдаги саволларга ойдинлик киритиши мумкин.

Янги раҳбар ўзининг аввалги жамоасини босқичма-босқич шакллантираётган бўлса, бу ҳолат ҳам очиқ ва тушунарли тарзда изоҳланиши шарт.

Зеро, давлат ташкилотларида «ишончли одамлар»дан кўра, аввало, малакали ва энг муносиб кадрлар тамойили устувор бўлиши керак.