ОЗОДЛИК: ДХХ СОБИҚ РАҲБАРЛАРИ ҲИБСГА ОЛИНДИ
Ўзбекистондан Жанубий Кореяга давлат дастури орқали ишга юбориш тизимидаги йирик коррупция иши доирасида ДХХ ўз хавфсизлик бошқармасининг собиқ раҳбарлари, жумладан полковник Алижон Ашуров ва унинг ўринбосари Темур Шорихсиев ҳибсга олингани айтилмоқда.
Ўзбекистондан Жанубий Кореяга давлат дастурлари орқали ишга юбориш тизимидаги йирик коррупция иши доирасида ДХХнинг Ўз хавфсизлик бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Алижон Ашуров ҳибсга олинган.
Бу ҳақда Озодлик радиоси ҳуқуқ-тартибот ва прокуратура тизимидаги бир-биридан мустақил манбаларга таяниб 19 май эрта тонгда хабар қилди.
Озодлик манбаларига кўра, мазкур иш доирасида дастлаб ДХХнинг собиқ мулозими, подполковник Ганчар Узоқов ушланган.
Кейинчалик Алижон Ашуров, унинг ўринбосари Темур Шорихсиев ҳамда яна бир қатор ДХХ ходимлари ҳибсга олинган. Айрим фигурантлар эса сўроқдан кейин қўйиб юборилган.
Озодлик манбалари иддаосича, Ўзбекистондан Жанубий Кореяга ишга кетувчилардан йиллар давомида катта миқдорда ноқонуний тўлов ва пора йиғилган.
Айрим фуқаролар Кореяга кетувчилар рўйхатига кириш учун 4 минг доллардан 10 минг долларгача маблағ беришга мажбур бўлган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти 14 май куни мазкур иш юзасидан расмий баёнот тарқатиб, йиғилган ноқонуний маблағлар ҳажми қарийб 90 миллион долларга етган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Хабарда айтилишича, Ташқи миграция агентлигининг бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган Азизбек Тоштемиров Интерпол қидирувига берилган.
Шунингдек, ишнинг яна бир фигуранти сифатида тилга олинган ДХХ ўз хавфсизлиги бошқармаси тергов бўлими куратори Музаффар Нурматов мамлакатдан қочиб кетгани айтилмоқда.
Бош прокуратура маълумотига кўра, ҳозиргача Жанубий Кореяга юборилмаган 600 дан зиёд фуқародан ариза келиб тушган.
Бу иш давлат дастурлари орқали меҳнат миграциясини ташкил этиш тизимидаги эҳтимолий коррупцион схемалар ва уларга юқори лавозимли амалдорлар дахлдорлиги ҳақидаги саволларни яна кун тартибига чиқармоқда.
Хабар Озодлик манбалари ва Бош прокуратура маълумотларига таяниб тайёрланди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг