Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яна бир баҳсли ҳолат юзага келди. Ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла раислари Элтузарга мурожаат йўллаб, туман ҳокимлиги тизимидаги қарорлардан норозилигини билдирди.

Уларнинг сўзларига кўра, Кабағалликни кискартириш булими бошлиғи Искандар Исмоилов ташаббуси билан ҳоким ёрдамчилари ва МФЙ раисларига қуёш панеллари мажбурий тарзда ўрнаттирилган. Муаммо эса бу ерда тугамайди.

Мурожаат муаллифлари айтишича, ўрнатилган панеллар амалда ишламайди ёки белгиланган техник талабларга жавоб бермайди. Яъни, расман “яшил энергия” лойиҳаси сифатида кўрсатилган ишлар, амалда фойдасиз темир-терсакка айланган.

Бу ҳолатда улар қатор жиддий қонунбузилиш аломатларини кўрмоқда:
— мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш
— ходимларни мажбурлаш орқали қарор қабул қилиш
— давлат маблағлари ва жамоат манфаатларига зарар етказиш

Энг қизиғи, мурожаатчилар бу масала бўйича аввал ҳам бир неча бор шикоят қилган. Аммо, уларнинг таъкидлашича:
— туман ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаган
— прокуратура органлари ҳуқуқий баҳо бермаган
— масъуллар жавобгарликка тортилмаган

Яъни, муаммо бор, мурожаат бор, лекин ечим йўқ.

Мурожаат муаллифлари бу ҳолатни қонунийлик принципларининг очиқ бузилиши ва давлат идораларининг бепарволиги сифатида баҳоламоқда.

Шу боис, улар оммавий ахборот воситалари орқали масалани кенг ёритишни, мутасадди идоралардан расмий изоҳ талаб қилишни ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини жамоатчилик назоратига олишни сўрамоқда.

Акс ҳолда, улар юқори турувчи идораларга, жумладан Бош прокуратурага мурожаат қилишга тайёр эканини билдирган.

Қисқача айтганда, Деновда қуёш панеллари қоронғу масалага айланди. Бу ишга ким жавоб беради?