Сурхондарё вилояти Денов туманида ИИБ ходими Раҳматов Абдуваҳоб Файзуллаевичга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан унинг яқинлари Ўзбекистон Президенти, Бош прокуратура ва вилоят прокуратурасига мурожаат йўллади.

Мурожаат муаллифларининг билдиришича, Раҳматов Абдуваҳоб 2026 йил 6 феврал куни қамоққа олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми («номусга тегиш») билан айблов қўйилгани айтилмоқда. Оила аъзолари эса айбловни инкор қилиб, ишда тергов ҳаракатлари холис олиб борилмаганини даъво қилмоқда.

Аризага кўра, Раҳматов Абдуваҳоб Денов тумани ИИБда вояга етмаганлар билан ишлаш йўналишида хизмат қилган. Унинг яқинлари воқеалар 2025 йил 16 декабрда бошланганини, ўша куни ИИБ ходими қидирувда бўлган қиздан хизмат хонасида тушунтириш хати олганини билдирган. Кейинроқ мазкур қиз уни “номусимга тегди” деб айблаб ариза ёзгани, ариза 29 декабрда қабул қилингани айтилган.

Мурожаатда Денов тумани прокуратураси катта терговчиси Ш. Ҳафизов билан Рахматов Абдуваҳоб ўртасида аввалдан хизмат юзасидан зиддият бўлгани иддао қилинган. Шу сабабли оила терговни бошқа холис терговчига ўтказиш сўралганини, бироқ мурожаатлар натижасиз қолганини таъкидламоқда.

Оила аъзолари 2026 йил 6 февралга ўтар кечаси тергов ҳаракатлари тунги вақтда ўтказилганини, ИИБ биносидаги видеокузатув ёзувлари холис мутахассислар томонидан ўрганилиши кераклигини сўрамоқда. Аризада, шунингдек, ҳимоя томони терговчи ишдан четлатилган ҳолда иш материаллари қайта текширилишини талаб қилган.

Ҳужжатларда 2026 йил 29 апрел куни Сурхондарё вилояти прокурорининг Бандихон туманидаги сайёр қабулида ҳам ушбу масала бўйича шикоят топширилгани қайд этилган. Яқинларига кўра, улар ҳалигача терговчини алмаштириш ва ишни қайта кўриб чиқиш бўйича аниқ натижа олмаган.

Мурожаатда келтирилган иддаолар ҳозирча расмий идоралар томонидан тасдиқлангани йўқ. Денов тумани прокуратураси, Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳамда ИИБ масъулларининг ушбу ҳолат юзасидан муносабати эълон қилинса, хабарга қўшимча қилинади.